Берунийда «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди

Берунийда «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.

«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, бугун, 19 август куни Беруний туманида Президентнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди.

Очилиш маросимида вазир Шуҳрат Содиқов, Беруний тумани ҳокими Отабек Сафаров, шунингдек, жамоатчилик вакиллари, халқ таълими бошқармалари мутасаддилари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси корхона, ташкилот ҳамда компаниялари вакиллари ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Ушбу марказ ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, уларни замонавий ахборот технологияларидан фойдалана олиш кўникмаларини оширишга кўмак беради. Марказ компютерлар ва зарур жиҳозлар, Wi-Fi ҳудуди билан таъминланиб, эндиликда унда туман ёшларига ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат каби йўналишларда билим ва кўникмалар берилади.

АКТ вазирининг қайд этишича, республикамиз бўйлаб (вилоят ва туманларда) 188та шундай марказлар ташкил этилади.

Қорақалпоғистонга ташриф давомида жами тўртта марказнинг очилиши режалаштирилган. Дастлабкиси Беруний туманида ташкил этилган бўлса, кейингилари Нукус, Мўйноқ ва Қанликўлда очилади.

ЎҚИНГ: "Тўрткўз" Redmi Note 8 Pro илк маротаба “жонли” суратларда намоён бўлди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!