Билл Гейтс Ctrl+Alt+Delete учун узр сўради ва айбни IBM’га тўнкади (+видео)

  •   DiMaX
  •  2285
  •  22.09.2017 14:41

Билл Гейтс Ctrl+Alt+Delete учун узр сўради ва айбни IBM’га тўнкади (+видео)

Carlyle Group асосчиси ва бош директори Дэвид Рубенштейн Bloomberg Global Business Forum тадбири давомида Microsoft муассиси Билл Гейтсга мурожаат этиб, Windows операцион тизимининг энг ғалати функцияларидан бири ҳақида савол берди, дея хабар беради Fudzilla сайти.

Яъни у, Windows’да тизимга кириш ва блоклаш учун нега айнан Ctrl+Alt+Delete тугмачалари комбинацияси қўлланишини ва Гейтснинг ўзи буни муваффақиятли ечим, деб ҳисоблайдими-йўқми – шуни сўраган. Microsoft собиқ раҳбари узр сўраган ва, «Бунга масъул мутахассислар мазкур функцияни бошқа тугмачага ўрнатишлари керак эди», дея жавоб берган. Рубенштейнни бу жавоб қониқтирмаган ва у суҳбатдошидан бу фикрини очиқлаб беришини сўраган.

Ҳали 2013 йилдеёқ Билл Гейтс айтган эдики, аввалига улар тизимга кириш функциясини алоҳида битта тугмачага ўрнатмоқчи бўлишган. Аммо IBM PC учун клавиатурани лойиҳалаштираётган IBM муҳандислари бу талабни бажаришдан бош тортишган. Бунинг ўрнига IBM муҳандиси Дэвид Бредли Ctrl+Alt+Delete тугмачалари комбинациясини ўйлаб топган. Ўшанда Microsoft’нинг бошқа иложи бўлмаганлиги сабабли, IBM’нинг мазкур ечимини қабул қилиб қўяқолишган.

Дэвид Рубенштейннинг саволига қайтиб, Microsoft асосчиси шундай деди:

«Сиз ортга қайтиб, бошқа нарсалар учун хавф туғдирмаган ҳолда ўз ҳаётингиздаги майда-чуйдаларни ўзгартира олмайсиз. Албатта, агарда менда озроқ ўзгариш киритиш имкони бўлганида, мазкур операцияни битта тугмачани босиш орқали амалга ошириладиган қилиб қўярдим».

Гарчи Ctrl+Alt+Delete комбинацияси хато бўлганлигини Билл Гейтс ҳали бундан тўрт йил аввал тан олган эса-да, негадир Microsoft ҳозиргача буни бартараф этмаяпти.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!