Билл Гейтс китоб ўқишда амал қиладиган 4 қоидани маълум қилди

Билл Гейтс китоб ўқишда амал қиладиган 4 қоидани маълум қилди

Ҳар гал "Кўп ўқигани боис дунё уники эди", деган машҳур жумлани эсга олсам, кўз олдимдан кўплаб инсонлар ўтади. Жумладан, сайёрамизнинг бадавлат инсонларидан бири Билл Гейтс ҳам. Унинг фикрча, яхши китоб -- ҳаётидаги муҳим ҳодиса.

Билл Гейтс билими ва тиришқоқлиги билан нафақат ўзининг, балки инсониятнинг ҳам ҳаётини яхшилаган бизнесмен, жамоат арбоби. У жаҳоннинг энг кўп китоб мутолаа қиладиган кишиларидан бири сифатида ҳам ном қозонган. Жаноб Гейтс ҳар йили ўртача 50 та китоб ўқийди. Яъни, ҳар ҳафтада битта китоб! Билл Гейтс учрашувларда ҳам сайёрамизнинг энг муваффақиятли компаниясини яратишда унга ўқиш ва ўрганишга бўлган қизиқиши ёрдам берганини кўп такрорлайди.

Китоб ўқишда Билл Гейтснинг ўз қоидалари мавжуд. Зеро, ўқиш билан уқишнинг фарқи борлигини биз ҳам яхши биламиз. Миллиардер яқинда Quartz нашри билан суҳбатда ўзининг китоб ўқишда эътибор қиладиган одатларини маълум қилди. Қуйида уларни баён қиламиз.

1. Китоб ҳошиясига қайдлар қолдириш.
"Ўқиш инсондан диққатни жамлашни талаб қилади. Айниқса, илмий ёки бадиий бўлмаган китобларни ўқиш жараёнида сен янги билим оласан. Уларни ўзингдаги қарашлар билан чоғиштириш учун қайд ёзиш фойдали одат. Қолаверса, яхши китоб ўз сир-асрорини бир ўқишда фош қилмайди. Уни такрор ўқиганинг сайин тушуниб борасан. Қайд ёзиш одати кейинчалик ҳам китобни варақлаганингда саҳифалардан ўзинг учун муҳим фикрларни тез ва осон топишга ёрдам беради. Шунингдек, бу одат ўқувчида танқидий фикрлаш қобилиятини ҳам ривожлантиради".

2. Бошлаган китобингни ташлаб қўйма.
Билл Гейтс охирига қадар ўқишга кўзи етмаган китобни қўлига олишдан қочади. Бунинг яхши томони бор -- китобни эсга тушганида ўқиш вақтни беҳуда сарфлашдан фарқ қилмайди.
"Маънан ва илмий жиҳатдан етук китобларни танлаб ўқинг. Акс ҳолда, бир даста қоғоз ҳаётингизни заҳарлаши ёки ўғирлаши мумкин", дейди у.
Миллиардернинг фикрича. минг йил аввал ёзилган китоб уни ўқимаган одам учун ҳали янги ҳисобланади.

3. Босма ёки рақамли? Қайси қулай бўлса, шуни ўқинг.
"Ҳозирча босма китоблар мутолааси мен учун қулай. Бироқ, секин-аста гаджетларда ҳам китоб ўқишни одат қилмоқчиман", дейди Билл Гейтс. Агар сизга мобил қурилмаларда китоб ўқиш қулай бўлса, бу -- сизнинг танловингиз. Муҳими -- эски пўстин кийсангиз ҳам, янги китоб ўқишга одатланинг.

4. Бир соатни мутолаа учун ажратинг.
Билл Гейтс китоб ўқишни дам олишнинг энг соз йўли, деб билади. Унинг маслаҳатига кўра, китобни қўлга олишдан аввал сиз камида кейинги бир соатни фақат шу ишга бағишлашга қатъий қарор қилишингиз керак.
"Китоб ўқиш 5 ёки 10 дақиқалик иш эмас. Эҳтимол, газета ёки журнал ўқиш учун бу етарлидир".
Жаноб Гейтс китоб ўқишдан ҳузурланиш кераклигини айтади. Бу эса китобга киришиб кетишни талаб қилади. Миллиардернинг фикрича, яхши китоб ўқиб лаззатланмаган инсонни соғлом дейиш хато.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.