Билл Гейтс қовун туширди: қайси мобил операцион тизимни яхши кўришини бошқа тизимли қурилмасида айтди!

  •   DiMaX
  •  1609
  •  27.02.2021 13:46

Билл Гейтс қовун туширди: қайси мобил операцион тизимни яхши кўришини бошқа тизимли қурилмасида айтди!

Таниқли блогер Маркус Браунли (Marques Brownlee) ўтган йили Марк Цукерберг билан интервью уюштирган эди. Facebook асосчиси бу суҳбатда ўзининг қайси компания смартфонлари ишқибози эканини ва қайси операцион тизимни маъқул кўришини ҳам аниқ айтган.

ЎҚИНГ: Apple бош акционери ҳам, ниҳоят, Samsung тугмачали телефонини ташлаб iPhone олди, лекин...

Энди эса технологиялар оламининг етакчиларидан ҳамда дунёнинг энг бадавлат инсонларидан бири бўлган Билл Гейтс ҳам бу борада ўз фикрини билдирди. CNBC журналисти Эндрю Соркинга берган интервьюсида таъкидлашича, Microsoft муассиси ва собиқ раҳбари Android операцион тизимидаги смартфонларни кўпроқ яхши кўрар экан.

Миллиардернинг фикрича, бу гаджетлар дастурий таъминот ҳамда операцион тизимнинг ўзи бўйича анча мослашувчан. Бунинг устига, кўплаб Android-смартфон ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига бошиданоқ Microsoft сервисларини ўрнатиб тақдим этишади, улар эса фойдаланувчиларга ўта қулай, дейди Гейтс.

Энди гапнинг энг қизиқ жойига қулоқ тутинг: ушбу интервью янги трендга айланиб бораётган Clubhouse ижтимоий тармоғида бўлиб ўтган, у эса расман фақатгина iPhone’лардагина ишлайди. Тўғри, тармоқнинг Android-қурилмаларга мўлжалланган норасмий иловаси ҳам чиққан, лекин кимсан Билл Гейтс бунақа ишончсиз илова ишлатмаса керак. Хулласи калом, сайёрамизнинг энг бой кишиларидан бири ўзининг iOS тизимли гаджетидан кириб, Android тизимини мақтаган!

Эслатиб ўтамиз, яқинда Илон Маск ўзининг Twitter тармоғидаги аккаунтида Владимир Путинга мурожаат этиб, Clubhouse ижтимоий тармоғида мулоқотга чақирган эди. Кейин эса биз мазкур тармоқ ҳақидаги батафсил мақолани эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: РАСМИЙ БАЁНОТ: Telegram асосчиси Clubhouse’да борми?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!