Bing қидирув тизими ChatGPT ёрдамида Googleни ортда қолдиради

Bing қидирув тизими ChatGPT ёрдамида Googleни ортда қолдиради

Жуда яқин келажакда мушкул саволларга жавоб топиш ҳозиргидек қийин жараён бўлмай қолади. Microsoft ўзининг Bing қидирув тизимини ChatGPTга суянган ҳолда сунъий идрок билан таъминлашни бошлаганини маълум қилди. Аниқроғи, Bing СИ тадқиқотчиларининг фикрига кўра, Bing Googleдан устунроқ бўлган қидирув тажрибасини тақдим этиш потенциалига эга бўлиши ва қидирув гигантининг ўнлаб йиллар давомидаги ҳукмронлигини тортиб олиши мумкин.

"ChatGPT кейинги 10 йилликда қидирув тизимлари ҳақидаги тушунчамизни бошқа томонга буриб юбориши мумкин" - дейди Виржиния олийгоҳи иқтисод профессори ҳамда СИ тадқиқотчиси Антон Коринек. "СИ фойдаланувчига анъанавий қидириш жараёнидан компютер билан яна-да табиий мулоқот қилиш имконини берадиган технология ҳисобланади."

Ҳозирча сунъий интеллект билан "зирхланувчи" янги талқиндаги Bing қидирув тизими қандай кўринишда бўлиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Microsoft бу ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

"ChatGPT ўз фойдаланувчиларига анъанавий қидирув тизимларининг сон-саноқсиз ҳаволалари билан солиштирганда битта аниқ жавоб билан жавоб бера олади. Шунингдек, у анъанавий қидирув тизимларидан анча юқори бўлган имкониятларга эга, масалан, янги матн яратиш, назарияларни тушунтириш, фойдаланувчи ва тизим ўртасидаги суҳбат ва ҳоказолар. Одамлар ҳозирда ChatGPT яратувчилари ҳам тизимда борлигини билмаган ғалати имкониятларни топмоқдалар!" - дейди Коринек.

Microsoft 23 январ куни ChatGPT яратувчиси OpenAIга 10 миллиард доллардан кўпроқ миқдорида ресурсларни сармоя қилиш режасини эълон қилди. Шартнома иккала компанияни сунъий интеллектли генерация технологиясининг энг юқори чўққисида ушлаб туришга ёрдам беради. Бу технология ChatGPTда қўлланиладиган кўп миқдордаги маълумотлардан матн, расм, мусиқа каби деярли ҳар қандай контент форматини матн таклифи орқали ярата олади.

Қидирув Microsoftнинг барқарор тизимидаги истеъмолчиларга мўлжалланган маҳсулотлар тўпламидан фақат биттаси бўлиб, келгуси йилларда мижозлар учун сезиларли даражада ўзгариши мумкин. The Information нашри хабарига кўра, Сиетлда жойлашган технология гиганти ChatGPTнинг СИ технологиясини Word, PowerPoint ва Outlook каби узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган маҳсулотларга бирлаштиришни режалаштирмоқда, бу эса миллиарддан ортиқ одамнинг ишлаши ва кундалик вазифаларини бажаришини ўзгартириши мумкин. Масалан, уни Outlookка интеграция қилиш шунчаки электрон почта иловасидан маълум бир мавзу ҳақида хабар ёзишни сўрашни, Outlook эса сиз учун хат тайёрлайдиган "ақл"га эга бўлишини англатиши мумкин.

"Microsoft OpenAI моделларини истеъмолчи ва корпоратив маҳсулотларимиз бўйлаб жойлаштиради ва OpenAI технологияси асосида яратилган рақамли тажрибаларнинг янги тоифаларини тақдим этади", дейилади компаниянинг кенгайтирилган ҳамкорликни эълон қилган пресс-релизида.

Суҳбатли қидирув

Ўз навбатида, Google ва унинг замонавий бўлинмаси DeepMind йиллар давомида шунга ўхшаш тизимлар устида ишлаб келмоқда. Қидирув гиганти қисман ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар ва чат тизимлари баъзан ижтимоий меъёрларни бузиши мумкинлиги борасидаги хавотирлари туфайли уни оммага ошкор қилмаслик йўлини танлади. Мисол учун, 2016 йилда Microsoft Tay номли чатбот яратган эди, у нафратли сўзларини "сўзлагани"дан кейин офлайн режимда ишлашга мажбур бўлди. Ижобий ва дўстона таркибни яратиш қоидаларига эга бўлган ChatGPT ҳам тўғри кўрсатмалар ёрдамида хафа қиладиган жавобларни ишлаб чиқариш учун манипуляция қилиниши мумкин.

Бироқ, DeepMind бош директори Демис Хассабис шу ойда Time нашрига берган интервюсида унинг компанияси Sparrow деб номланган ўзининг чатботини 2023 йилда “ёпиқ бета” талқинини кўриб чиқаётганини айтди. Google шунингдек, қидирув тизимининг чатбот функцияларига эга талқинини намойиш қилишни режалаштирмоқда. Ню-Ёрк Таймс газетасининг масаладан хабардор манбааларига таянсак, Google шу йилнинг биринчи чорагида ушбу янги маҳсулотини "тортиқ қилади".

Ҳеч кимга сир эмаски, Google қидируви йиллар давомида салкам суҳбатдошга айланган. Компания Google ёрдамчиси ва қидирувдаги панеллари ёрдамида бу соҳада йиллар давомида муваффақиятга эришди ва 2021 йилги I/О ишлаб чиқувчилар конференсиясида LaMDA ва MUM СИ тизимларини намойиш қилиб, қидирувнинг келажаги сифатидаги юришини бошлаган эди.

OpenAIнинг сунъий идрокидан фойдаланиши билан Microsoft ўз ўйинида Googleни четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганга ўхшайди. The New York Times нашрига кўра, ChatGPT чиқишидан сўнг Google раҳбарияти "қизил код" эълон қилган. Ҳисоботда айтилишича, ички гуруҳлар ҳозирдан май ойида кутилаётган компания конференсиясигача СИ бўйича ишларни бошлаш учун қайта тайинланган.

Статистик маълумотларига кўра, Google қидирув тизими бугунги кунда сўзсиз бозор етакчиси бўлиб қолмоқда, чунки у ўнлаб йиллар давомида глобал қидирув бозоридаги улушнинг 84 фоизини эгаллаб турди, 2022 йилда Bingнинг улуши 9 фоизни ташкил қилди. Сўнгги йилларда Bing кўрсаткичлари ўсган бўлса ҳам, ҳали Googleга етиб олишига мантиқан олиб қараганда анча вақт кетади.

ChatGPT қанчалик ақлли?

ChatGPT - бу мураккаб чатбот бўлиб, у 2022 йил ноябр ойи охирида истеъмолга чиқарилгандан сўнг бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган, интернетга уланган ҳар бир киши (Ўзбекистон ва бошқа қўллаб-қувватланмайдиган баъзи мамлакатлардан ташқари) фойдаланиши мумкин бўлган бепул онлайн воситадир. Сунъий идрокка асосланган чатбот қисман қизиқарли шеърлар яратиш, овқатланиш режаларини тузиш ва сўралгандан сўнг бир неча сония ичида мураккаб саволларга ишончли жавоб бериш қобилияти туфайли оммавий мавзуга айланди. Унинг асосидаги технология мутлақо янги эмас, лекин ҳали ҳеч бир чатбот ChatGPT сингари асосий мафтункорликни қўлга кирита олмади. Бунинг сабаби, OpenAI GPT-3.5 тил модели атрофида ажойиб фойдаланувчи тажрибасини яратганлиги.

GPT-3.5 - бу GPT-3 нинг такомиллаштирилган талқини бўлиб, у ўз қобилиятларига эришиш учун жуда кўп маълумотлар ва кодлардан ўрганган. Стенфорд университети тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, GPT-3 570 гигабайтлик матнда ўқитилган ва 175 миллиард параметрга эга. Google компанияси ҳодими Дейл Марковитз уни: "45 терабайт матнли маълумотга эга бўлган, деярли барча оммавий тармоқларни ўз ичига олади." - дея таърифлайди. Таққослаш учун, унинг олдинги версияси GPT-2 100 баравар кичикроқ бўлиб, 1,5 миллиард параметрга эга бўлган.

Стенфорднинг Инсонга йўналтирилган сунъий интеллект институти тадқиқотчилари 2021 йилги постида - "Йирик маштабдаги бу ўсиш моделнинг хатти-ҳаракатларини кескин ўзгартирадиган - GPT-3 аниқ ўрганмаган вазифаларини, масалан, инглиз тилидан франсуз тилига жумлаларни таржима қилишга қодир. Бундай хатти-ҳаракатлар GPT-2да деярли йўқ эди." - деб ёзган.

"ChatGPTнинг ҳозирги талқини, эҳтимол, дунё ҳақида ҳар қандай одамга қараганда кўпроқ билади ва у бу билимларни ҳазм бўладиган шаклда тақдим эта олиши мумкин" - дейди Коринек.

Муаллиф: Ҳидоятхон Атабаев

ЎҚИНГ: Google'нинг янги сунъий интеллект лойиҳаси матнни мусиқага айлантириб беради