«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси: Президент совғаси топширилди!

  •   DiMaX
  •  3269
  •  07.04.2021 18:01

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси: Президент совғаси топширилди!

Бугун, 7 апрель куни «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи юқори кўрсаткичларни кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-умумтаълим мактабига давлат раҳбари совғаси, яъни «Спарк» автомобили топширилди. Бу ҳақда Xabar.uz нашри ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Европада ишлаётган ўзбек дастурчиси: «Германиядаги имкониятлар, Тошкентдаги муаммолар...»

Мазкур тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда Қорқалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси раиси ўринбосари Отабек Давлетовлар иштирок этишди.

– Азиз ўқувчилар, сизларнинг илм олиш, изланиш ва янгиликка интилишга бўлган иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов. – «Айти» йўналишда олган билимларингиз келгусида ахборот технологиялари соҳаси ривожланишига, мамлакатимиз иқтисодиётини кўтаришга хизмат қилишига ишонаман.

Тадбирда Президент совғаси – «Спарк» автомобили 39-мактаб директори Сеиткамол Ешмуратовга топширилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари мактаб фаолияти билан яқиндан танишишди. Айниқса, мактаб информатика хонасидаги ўқувчилар билан учрашув қизғин кечди. Ўқувчилар ушбу мактаб сайтини ҳам ўзлари яратишгани айтиб ўтилди.

ЎҚИНГ: Лазизбекнинг ҳикояси: Қандай қилиб 19 ёшда ойига $1000 дан кўп даромад топиш мумкин?

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ҳақида

Давлат раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилиб, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Бирлашган Aраб Aмирликларининг «Dubai Future Foundation» фонди томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини истиқбол сари ташланган муҳим стратегик қадам, деб бемалол айтиш мумкин.

Жорий йил март ойининг якуни ҳолати бўйича республика миқёсида www.uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олаётганлар сони жами 200 минг нафардан ошди. Шу жумладан, улардан 81 минг нафари иштирокчи ва 50 мингдан ортиғи битирувчи сертификатини қўлга киритишди.

Ҳудудлар кесимида uzbekcoders.uz порталидан рўйхатдан ўтганлар сони бўйича Навоий вилояти (36 600 нафар), Қорақалпоғистон Республикаси (27 574 нафар) ва Тошкент шаҳри (25 572 нафар) етакчилик қилиб келмоқда.

Фаолият тури бўйича таҳлил натижларига кўра, умумтаълим мактаб ўқувчилари жами лойиҳа иштирокчилари орасида 67,2 фоиз билан етакчи ҳисобланади. Кейинги ўринларда олий таълим муассасалари талабалари – 13,1 фоиз, иш фаолияти билан банд бўлганлар – 5,8 фоиз, коллеж ва лицей ўқувчилари – 1,4 фоиз ва бошқалар – 12,5 фоизни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида энг кўп умумтаълим мактаб ўқувчилари орасида uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтган ва иштирокчилар сони бўйича Навоий вилоятидаги мактаблар етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган вилоятидаги умумтаълим мактаблари энг фаол мактаблар рўйхатидан жой олган.

ЎҚИНГ: 2020 йилда Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида рақамли ривожланиш қандай бўлди?

Ёш тоифаси бўйича таълим олувчиларнинг асосий қисми, яъни 90 фоиздан ортиғи 13-34 ёшлилар ҳиссасига тўғри келади (12 ёшдан кичиклар – 2779 (1,3%), 13-17 ёш –108299 (53,1%), 18-24 ёш – 47393 (23,3%), 25-34 ёш – 30522 (15%), 25-44 ёш – 11078 (5,4%), 45-64 ёш – 3740 (1,8%), 65+ ёш – 72).

2021 йилдан бошлаб халқаро IT сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда ҳаётимиз ҳар жиҳатдан техника ва технологиялар билан боғлиқ. Ҳозирги кунда барча таълим даргоҳларида иқтидорли ёшлар ва ўқувчиларга илмий изланишлар олиб бориш, IT соҳасини чуқур ўзлаштириш ва дастурлаш асосларини мукаммал тарзда ўрганиб боришлари учун шароитлар яратилган. Бу эса, келажак авлоднинг ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлигини янада ошиши учун хизмат қилади.

Эртага ҳам ушбу лойиҳада энг фаол иштирок этган Навоий вилоятидаги 2-мактабга Президент совғаси топширилади.

ЎҚИНГ: «Миллиардларга қурилган дендихона» – дастурчилар Андижон IT-Паркини тарк этишди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.