TUIT Mobile уяли алоқа оператори ишга туширилди

TUIT Mobile уяли алоқа оператори ишга туширилди

Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари Beeline‘дан TUIT Mobile‘нинг янги технологик лабораториясида уяли алоқа операторлари ускуналари билан ишлашни ўрганиш имкониятига эга бўладилар.

3G ва 4G тармоқларида махсус ўрнатиладиган таянч станциялари ёрдамида талабалар ТАТУнинг асосий биноси ҳудудида реал вақт тизимида мобил алоқа фаолиятини мустақил равишда таъминлай олишади.

Тантанали очилиш маросимида Beeline‘нинг Тошкент ҳудудий филиали мутахассислари ТАТУ талабалари билан биргаликда синовли алоқани амалга оширдилар ва таянч станцияларини ишга туширдилар.

“Университет учун бу нафақат корпоратив лабораторияни ташкил қилиниши, балки келажак мутахассислар учун «очиқ майдон» билан бир хил шароит яратиб берадиган мисли кўрилмаган ҳолатдир. Университетнинг назарий асослари илғор ишлаб чиқариш амалиётидан орқада деган фикр бор, бироқ TUIT Mobile талабаларга бугунги кунда энг етакчи уяли алоқа операторлари ишлатиладиган асбоб-ускуналар билан ишлаш имконини беради. Яъни, эртага уяли алоқа компаниясида ишлаш учун келган ТАТУ битирувчилари қўшимча малака ошириш курсларисиз ўзларига таниш бўлган дастурий комплекслар билан ишлай оладилар. Биз узоқ вақт мобайнида «Beeline» билан ҳамкорлик қиламиз, мана ўтган йили биз янги талабалар ётоқхонасини совға сифатида олдик, «Учинчи авлод» дастурида ҳам фаол ҳамкорликдамиз. Албатта, биз учун бу нафақат янги авлод мутахассисларини тайёрлаш учун янги ресурслар олиш имконияти, балки иқтисодиётнинг истиқболли соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган инновацион, замонавий университетга айланиш йўлидаги вектордир”, – дейди Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин Тешабоев.

Unitel МЧЖ техник йўналишдаги мутахассисларнинг 30 фоизга яқини ТАТУ битирувчилари эканини бир неча бор таъкидлаб ўтган, яъни университет нафақат таълим пойдевори, балки йирик уяли алоқа операторининг мутахассис кадрлар ўчоғИ таркибига киради. Мазкур лойиҳа ҳақида Beeline Uzbekistan бош директори Дмитрий Шуков шундай деди:

“Бугун биз Beeline тармоғида ишлатиладиган ускуналарга асосланган ҳудуддаги биринчи мобил алоқа операторининг ишга туширилганига гувоҳ бўлдик. TUIT Mobile тўлиқ комплектацияга эга: BaseBand Unit (сигнал ишлаб чиқаришни таъминловчи блок), Remote Radio Unit (ташқарига чиқариладиган радиоблок), антенна-фидерли тракт, трансмиссияли бўлим, қувватни бошқариш бўлими. Бошқача қилиб айтганда, бу тренинг ёки тест ускунаси эмас, балки бутунлай мустақил технологик ўрнатув. Биз, албатта, фақат асбоб-ускуналарни ўрнатиш билан чекланмаймиз. Бугун биз учун университет билан ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилади: биз ушбу ускунада III ва IV курс талабаларини мунтазам равишда ўқитишни, кейинчалик Beeline‘га уларни ишга олишни режалаштирмоқдамиз. Шуни таъкидлаш керакки, бундай ижтимоий ҳамкорлик бир вақтнинг ўзида икки вазифани ҳал этади: университетдан кейин ёш мутахассисларни қайта тайёрлашга эҳтиёж бўлмайди ва ТАТУ меҳнат бозорида битирувчи талабаларнинг рақобатбардошлигини сезиларли даражада яхшилайди”.

ТАТУ раҳбариятининг сўзларига кўра, лаборатория телекоммуникация соҳасидаги барча мутахассислик бўйича талабалар учун амалий машғулотга айланади ва мутахассислар билан машғулотлар лаборатория иши шаклида ўтказилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!