Битта қувватда 12 кун ишлай олувчи Realme Watch 2 тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  335
  •  01.05.2021 11:46

Битта қувватда 12 кун ишлай олувчи Realme Watch 2 тақдим этилди

2021 йилнинг 1-чорагида Европа бозорида смартфон сотиш ҳажмини энг кўп – нақ 183 фоизга оширган бренд Realme бўлади. Мазкур компания бошқа девайслар йўналишида ҳам ўзини кўрсатмоқда.

ЎҚИНГ: Realme танлов эълон қилди: иштирок этинг ва 10,000 АҚШ долларигача пул мукофотига эга бўлинг!

Мазкур ишлаб чиқарувчи ўзининг иккинчи авлод ақлли соати – Realme Watch 2 моделини намойиш қилди. Биз эса расмий тақдимотидан ҳам аввал унинг анбоксинг видеосини чиқарган эдик.

Realme Watch 2 смарт-соати диагоналига 1,4 дюймлик рангли экранга эга бўлиб, унинг юзасига Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси ётқизилган. Унинг фойдаланувчилари Realme Link иловаси орқали юз хилдан ошиқ циферблат танлашлари мумкин.

Смартвотч бошида 14 хил спорт режимини қўллаб-қувватлайди, бироқ ишлаб чиқарувчи кейинроқ унга янгиланишлар орқали 90 та режим етказиб беришни ваъда қилмоқда.

Realme Watch 2 фойдаланувчининг томир уришини мунтазам тарзда кузатиб боришдан ташқари, қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини аниқлаш функциясига ҳам эга. Шунингдек, бу аксессуар уйқу фазаларини ҳамда сифатини ҳам назорат қилиб боради.

ЎҚИНГ: Android 10 тизимли илк смарт-соат намойиш этилди: 4/64 ГБ хотира ва бурилувчи Sony камерали!

Ақлли соат аккумулятори 315 мА/соатлик ток сиғимига эга; Realme Watch 2 унинг битта тўла қуввати билан 12 суткагача автоном режимда ишлай олади. Унда мобил қурилмаларга боғланиш учун Bluetooth 5.0 интерфейси қўлланади. Смартфонга келган қўнғироқ ва SMS-хабарлар, шунингдек мессенжерлар билдиришномалари ақлли соат дисплейига чиқади. Шунингдек, унинг экранидан смартфондаги мусиқани бошқариш, камера затворини ишга тушириш мумкин.

Корпуси IP68 стандартига кўра сув ва чанг киришидан муҳофаза этилган Realme Watch 2 биринчи бўлиб Малайзияда, 56 АҚШ долларига тенг нархда сотила бошлайди. Унинг бошқа мамлакатлар бозорларига қачон ва қандай нархлар билан тақдим этилиши ҳозирча айтилмаяпти.

ЎҚИНГ: Хитойликлар ўз-ўзини қувватловчи илк смарт-соатни тайёрлашди!