Битта қувватда 14 кунгача ишловчи Xiaomi Mi Watch Revolve тақдим этилди: нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  519
  •  29.09.2020 13:49

Битта қувватда 14 кунгача ишловчи Xiaomi Mi Watch Revolve тақдим этилди: нарх ва жиҳатлари

«Хитойча Apple» 2019 йилнинг сўнгида намойиш этган смарт-соат – Xiaomi Mi Watch Color модели ҳозиргача фақат ўз юртида сотилиб келаётган эди. Ниҳоят, орадан 10 ой ўтиб, компания уни глобал бозорга ҳам чиқаришга қарор қилди.

ЎҚИНГ: Android 10 тизимли илк смарт-соат намойиш этилди: 4/64 ГБ хотира ва бурилувчи Sony камерали!

Xiaomi бугун – 29 сентябрь куни Ҳиндистондаги тадбирида ушбу соатнинг глобал версияси – Xiaomi Mi Watch Revolve моделини расман тақдим қилди. Смартвоч корпуси ўлчамига кўра биттгина – 46 миллиметрлик ўлчамда, икки хил (Midnight Black ва Chrome Silver) рангда таклиф этилади.

Xiaomi Mi Watch Revolve моделида қўлланган AMOLED-экран зичлиги битта дюймда 326 пикселга, дисплейнинг максимал ёрқинлиги эса 450 кд/м2 га тенг. Қурилма экраннинг ҳамиша ёқиқ туришини таъминловчи Always-On-Display функциясига эга.

Барча замонавий ақлли соатлар каби, Xiaomi Mi Watch Revolve ҳам уйқунинг сифати ва давомийлигини кузатишга қодир. У яна юрак уришлари частотасини ва стресс даражасини назорат қилиб боради. Булардан ташқари, мазкур смартвоч қоннинг кислород билан тўйинганлигини – VO2 Max кўрсаткичини ҳам кузатиб туради.

Бу ақлли соат жойлашувни аниқлаш учун GPS ҳамда GLONASS тизимларини қўллайди.

Xiaomi Mi Watch Revolve спортнинг 10 хил режимини қўллаб-қувватлайди, яна унга турли нафас машқлари ҳам киритилган. Шунингдек, унинг реал вақт режимида об-ҳаво прогнозини янгилаб боришини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.

Корпуси 5 атмосфера босими даражасида сувдан ҳимояланган Xiaomi Mi Watch Revolve аккумуляторининг қуввати, ишлаб чиқарувчининг давосига кўра, фаол фойдаланишда 7 кунгача, тежамкорлик режимида эса 14 кунгача етади.

Xiaomi Mi Watch Revolve учун 149 долларлик нарх белгиланган, лекин дастлабки харидорлар уни 135 долларга олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Redmi’нинг илк ақлли соатида смартфонсиз ҳам қўнғироқ қила оласиз!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.