Битта "тишланган олма" ойига эллик доллардан

Битта

Яқинда Apple компанияси ўз iPhone ва бошқа қурилмаларини сотиш ўрнига ойлик ижарага бериш хизматини йўлга қўймоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу хизмат фойдаланувчиларга қурилмаларни тўлиқ сотиб олмасдан, яъни смартфонга эгалик қилмасдан, маълум вақт ишлатиб юриш, янги қурилма чиқса, ижарадаги эскисини ташлаб, ўрнига янги қурилмани ижарага олиш имконини беради. Купертинолик компания учун эса бу хизмат сотувларни ошириб, мўмай даромад келтиради.

Ҳозирда ҳар йили чиқадиган янги авлод iPhone'ларини фақат Apple'нинг ашаддий мухлислари олишади. Аксарият истеъмолчилар эса ўзлари фақат зарур деб ҳисоблаганларида янгилайдилар, масалан:

  • Смартфон экрани ёрилган ва гарчи у ишлаб турган бўлса ҳам янги қурилма сотиб олиш керак;
  • Телефон шу қадар эскики, у энг сўнгги iOS ёки янги дастурни ишга тушира олмайди;
    Каттароқ экран ёки кўпроқ хотира керак;
  • Ва, ҳа, баъзида янги iPhone дизайни жуда жозибали бўлиб, уни сотиб олишга арзийди.

Статистикага кўра ўртача iPhone фойдаланувчиси ҳар уч йилда ўз қурилмасини $825 га янгилайди. Айнан шу сабаб Apple ўзининг қурилмаларини ижарага бериш устида ишламоқда. Tаниқли Apple таҳлилчиси Марк Гурманнинг маълум қилишича, iPhone 13, Pro ва Pro Мах учун ойлик ижара нархларни $35, $45 ва $50 бўлиши мумкин. Бунда компания қуйидагича фойда кўради:

iPhone 13 (ойига $35 доллар): уч йилда бир марталик $799 доллар ўрнига $1260 доллар
iPhone 13 Pro (ойига $45): $999 ўрнига $1620
iPhone 13 Pro Мах (ойига $50): $1099 ўрнига $1800

Бунинг мижозларнинг фойдаси эса янги iPhone учун юзлаб долларларни олдиндан тўлаш шарт эмас. Шунингдек, улар ҳар уч йилда эмас, балки ҳар йили энг янги моделни олишади. Эски моделларни эса Apple иккиламчи бозорга қайтаради ва уларни яна ижарага бериш билан янада кўп пул ишлаши мумкин бўлади. Шунингдек, компания ўзининг рақамли Apple One обунасини ёки Apple Care техник хизмати обунасини ҳам iPhone ижрасига қўшиб, янада кўпроқ пул ишлаб топиши мумкин.

Apple бу хизматини қачон чиқариши ҳозирча номаълум, лекин катта эҳтимол билан шу йили чиқариши мумкин.

ЎҚИНГ: Қачон Apple ҳам букламафон чиқаради?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!