Биз нанотехнологиялар даврига тайёрмизми?

  •   DiMaX
  •  2171
  •  06.04.2019 11:05

Биз нанотехнологиялар даврига тайёрмизми?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги У.А. Арифов номидаги ион-плазма ва лазер технологиялари институти илмий ходими Рустам Ашуров ўзининг шу мавзудаги мулоҳазаларини Фейсбук ижтимоий тармоғида эълон қилган. Уни кенг омманинг, хусусан, Terabayt.uz мухлисларининг эътиборига лойиқ, деб ҳисоблаганимиз учун сайтимизда баҳам кўрмоқдамиз.

ЎҚИНГ: «Ер 2050-да»: келажак шаҳарлари қандай бўлади?

Саноат ва иқтисод тарихига назар солсак, ҳар бир даврда муайян бир соҳа локомотив бўлганини ҳамда бутун иқтисодиёт ва саноат шу соҳага монанд ўсганини кўришимиз мумкин. Мерил Линч ва Норман Пуаро технологиялар тўлқини концепцияси асосида буни тушунтирган.

Биринчи давр иккита саноат инқилобини ўз ичига олади. 1771 йили текстил соҳаси асосий локомотив бўлади. Барча иқтисод текстил атрофида айланади. 1800 йилга келиб, текстил соҳасида «бум» бошланади. Текстилчилар янгидан-янги технологияларни саноатда қўллай бошлашади. Маҳсулот нархи ва сифати бўйича аҳолининг кенг қатламини қамраб олгани сабабли, бозор ҳам кенгаяверади. 1800–1853 йиллар оралиғида бу соҳада «бум» ва кескин ўсиш давом этади; ишлаб чиқарувчилар сони, бозор ҳажми, рақобатбардошлик ва ўз-ўзидан маҳсулот сифати ҳам шунга монанд ўсади. 1853 йилга келиб, бу кескин ўсиш тўхтайди ва мазкур соҳада турғунлик бошланади. Энди давлатнинг фақат текстилгагина таянган ҳолда бойиб кетиш эҳтимоли камаяди. Технологиялар ривожи бошқа соҳа – темир йўллар соҳасида «бум» бошланига олиб келади.

1853-1913 йилар оралиғида темир йўл компаниялари ва шу инфратузулмага эга бўлган давлатлар иқтисодда анча олдинлаб кетишади. 1913 йилда бу ўсиш ҳам анча тинчийди. Темир йўл энди ривожланаётган давлатларга таклиф қилина бошлайди. Туркистонга ҳам шу даврларда темир йўллар, «шайтон арава»лар кириб келишни бошлаган.

Бу вақтда эса АҚШда 1886 йилдан бери ривожланиб келаётган автомобилсозлик соҳасида инқилоб рўй беради. Яъни 1913 йилда илк бор автомобиллар конвейердан чиқа бошлайди. Автомобилсозлик давлат иқтисодининг локомотивига айланади. Ҳали Асака заводигача 83 йил бор. Бу давр ичида ривожланган ҳар бир давлат ўз автолари билан рақобатга киришади.

Аммо, 1969 йилга келиб, саноат даври тугаётгани ҳақида илк сигнал пайдо бўлади. 1939 йилдан бери ўз йўлига ривожланиб келаётган информацион технологиялар, 1969 йилга келиб илк компьютер билан информацион давр эшигини очиб беради. Мана, бугунги кунчага компьютерлар, ноутбуклар, смартфонлар ва дастурий таъминот маҳсулотлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Иқтисодий гигант бўлган компаниялар ҳам айнан шу ахборот-коммуникация технологиялари соҳада. Энди Фейсбукнинг нархи минглаб оғир техникаси ва кўплаб карьерлари бўлган тоғ-кон комбинатларникидан анча қиммат. Биргина Apple компаниясининг йиллик фойдаси бутун Ўзбекистоннинг ЯИМидан катта. Ёки WhatsApp дастури сотилишидан тушган фойда, ўзбекларнинг 18 йил пахта экиб, териб, сотиб топган даромадидан катта.

«Нега улар бундай фойдага эришмоқда?», «Биз ҳам шу соҳани ривожлантириб, улар билан рақобат қилолмаймизми?» каби саволлар туғилиши мумкин. Йўқ, рақобат қилолмаймиз. Улар ўша соҳада «бум» бошланганда тайёр туришган эди. Уларнинг инфратузилмаси, кадрлари ва асосийси онги ўша нарсага тайёр эди. Тўғрироғи – улар ўша «бум»ни ўзлари яратишди. Энди улар ишлаб чиқарувчи. Биз эса истеъмолчимиз.

Мен аниқ ишонч билан айта оламанки, ўзимизнинг Artel ҳеч қачон Apple ёки Samsung билан рақобат қилолмайди. Чунки, Artel ўзи ҳеч қачон ўзи технология ярата олмайди. Технология яратиш учун фанга миллиардлаб пул тикишга тайёр компаниянинг ўзи бизда шаклланмади. Миллиардлаб тика олмайди. Чунки, бу миқдорда келиб турган фойда ҳам йўқ. Рақобат ютқазиб бўлинган. Бизнинг компаниялар учун ягона бозор бу – божхона эшикларига маҳкам қулф илинган Ўзбекистондир.

Энди графикка қайтсак. Навбатдаги «бум» тахминан 2025 йилларда нанотехнологиялар соҳасида юз бериши кутилмоқда. Бундан 2 йил олдин Туркиянинг етакчи илмий марказида бўлганимда, қизиқ бир гапни эшитдим. Турклар бугунги микроэлектроника каби соҳаларда рақобат қилолмаслигини тушуниб, барча кучни нанотехнологияга йўналтиришган. Улар кутилаётган навбатдаги «бум»га улгуришмоқчи. Дунёдаги тенденцияни кузатсак ҳам, шу нарсага амин бўламиз. Наноматериаллар бўйича олинаётган патентлар шуни кўрсатадики, Сингапур каби давлатлар аллақачон тайёр бўлиб кутиб турибди.

Хўш, тайёр бўлиш учун ўзи нима қилиш керак? Энг аввало, кадрлар тайёрлашни бошлаш зарур. Университетлар галстук ва давоматни четга суриб қўйиб, энг замонавий технологиялар асосида дарс беришни бошлаши керак. Илмий марказларга янги илмий йўналишларда тадқиқот ўтказиш учун инфратузилма ва йирик миқдорда маблағ ажратиш лозим. «Нанотехнология» сўзини эшитганда энсани қотирмаслик керак. Стартап компаниялар шакллана оладиган максимал шароитни яратиб, давлатнинг кўмагини таъминлаш лозим. Кичик компаниялар дуч келадиган тўсиқларни қайта кўриб чиқиш ва асосийси, минг пафосли эшитилса ҳам, онгни ўзгартиришимиз керак.

Бу ишларни аслида кеча бошлашимиз керак эди. Биз эса, иқтисодимизни ҳали ҳам текстил ва пахта (1800-1853), GM (1853-1913), Artel каби компаниялар (1969-2000) асосида режалаштиряпмиз.

Хуллас, «Биз нанотехнологиялар даврига тайёрмизми?» деган саволга ўзингиз жавоб бериб кўринг.

ЎҚИНГ: Дунё 2050 йилда: Таниқли футурологнинг 17 қараши

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.