Black Shark 5 Pro тақдим этилди: Snapdragon 8 Gen1 чипли монстер!

Black Shark 5 Pro тақдим этилди: Snapdragon 8 Gen1 чипли монстер!

Бешинчи авлод Black Shark моделлари расман тақдим этилди. Уларнинг бири Snapdragon 8 Gen1, бири Snapdragon 888+, яна бири эса Snapdragon 870 чипи билан жиҳозланган. 

Black Shark 5 Pro 

Сериядаги топ модель Black Shark 5 Pro ҳисобланади. Ушбу қурилмани ичидаги Snapdragon 8 Gen1 чипини совутиб туриш учун унинг устига 5000 мм² катталигидаги махсус қоплам жойлаштирилган. Чип 16ГБ тезкор ҳамда 512ГБ хотира билан интеграллашган. 

Хотира NVMe SSD ва одатий UFS 3.1 (яъни, 512ГБ - 256+256ГБ) ўртасида тенг тақсимланган. DM Cache деб аталадиган технологиядан фойдаланиб, Black Shark тасодифий ўқиш ва ёзиш самарадорлигини сезиларли даражада яхшилашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, LPDDR5 (6,400 Мбит/с) тезкор хотирадан айрим ҳолатларда RAM дискини яратиш учун фойдаланиш мумкин.

Смартфон юқори самарадорликдаги аккумуляторга эга. У 4650 мАс сиғимга эга ва 120 ватт зарядлашни қўллаб-қувватлайди. Тўлиқ қувватланиш учун қурилма атиги 15 дақиқа вақт сарфлайди. Шунингдек, ҳароратни назорат қилиш режими орқали аккумуляторни нисбатан секинроқ қувватлаш ҳам мумкин.  

Black Shark 5 Pro модели 6.67 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Ушбу 10-битли панель HDR10+ ва DCI-P3 ранг гамутини қўллаб-қувватлайди. Смартфонда иккита ёруғлик сенсори мавжуд (бири олд томонда ва бири орқада), шунинг учун ёрқинликни ташқи муҳитга қараб созлаш мумкин.. 

Дисплей 144 гертс янгиланиш частотаси ва 720 гертс сенсорли намуна олиш частотасини қўллаб-қувватлайди. Қурилманинг ён томонида ўйин режимини ишга туширувчи тугма бўлиб, у корпусдан сизиб чиқади. 

Смартфонда иккита симметрик динамиклар жойлашган. DxOMark аудио рейтингида қурилма 86 балл билан етакчи бўлиб турибди. Смартфон ичига X ўқи чизиқли ҳаптик двигатель ўрнатилган. Тўрт томонда эса микрофонлар жойлашган бўлиб, энди овоз янада тиниқ ёзиб олинади. 

Орқа томонда 1/1.52 дюймли 108МП асосий камера, 13МП ультракенг камера ва 5МП телемакро камера жойлашган. Смартфон 2 апрель санасида сотувга чиқади. Унинг нархи 660 доллардан бошланади. Бу фақат Хитой бозори учун, глобал версия кейинчалик тақдим этилади. 

Black Shark 5 RS 

Ушбу модель Snapdragon 888 ёки 888+ чиплари билан жиҳозланган. Snapdragon 888+ чипининг 12/256ГБ хотирага эга тури мавжуд. Чипсетдан ташқари RS модель кўп жиҳатдан Pro моделга ўхшаб кетади. Унинг ҳам хотирасини SSD ҳамда UFS'ларга ажратиш мумкин. Чипсет икки томондан махсус қоплам орқали совутилади. 

Смартфондаги 4,500 мАс сиғимли аккумулятор 120 ваттда қувват олади. Тўлиқ қувватланиш учун у ҳам 15 дақиқа вақт сарфлайди. 

1300 нитдаги 6.67 дюймли AMOLED дисплей HDR10+ ва DCI-P3 ранг гамутини қўллаб-қувватлайди. Pro модель каби RS'нинг экрани ҳам 144 гертс янгиланиш частотаси ҳамда 720 герцт сенсорли намуна олиш частотасида ишлайди. 

Қурилма Hi-Res Audio ва DTS-X Ultra функцияларини қўллаб-қувватловчи стерео динамикка эга. Pro меделдан фарқли ўлароқ ушбу моделда 3.5 мм аудио жек мавжуд. Асосий камера 64 мегапикселга пастлаган, бироқ қолган икки камера Pro моделники билан бир хил, яъни асосий камерага қўшимча 13МП ультракенг ва 5МП телемакро камералар орқа панелдан ўрин олган. 

Black Shark 5 RS ҳам 2 апрель санасидан сотувга чиқади. Унинг нархи 520 доллардан бошланади. 

Black Shark 5 

Ушбу модель Snapdragon 870 чипига эга бўлиб, унга ҳам совутиш учун махсус қоплам ўрнатилган. Смартфонда SSD йўқ, фақатгина 8/12ГБ LPDDR5 ва 128/256ГБ UFS хотира турлари мавжуд ҳолос. 

Смартфон 144 гертс янгиланиш частотаси ҳамда 144 гертс сенсорли намуна олиш частотасини қўллаб-қувватловчи 6.67 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Магнетли тугма ҳам смартфоннинг ён томонидан ўрин олган. 

Камералар техник кўрсаткичлари RS моделиники билан бир хил, яъни Black Shark 5'га ҳам 64+13+5 мегапикселдаги камералар ўрнатилган. Селфи камера резолюцияси эса 20 мегапикселни ташкил қилади. 

Смартфондаги 4,650 мАс сиғимли аккумулятор 120 ваттда қувват олади. Тўлиқ зарядланиш учун қурилма 15 дақиқа вақт сарфлайди. Black Shark 5 модели 2 апрелдан сотувга чиқади. Унинг нархи 425 доллардан бошланади. 

Аксессуарлар 

Black Shark 5 моделлари бир неча аксессуарлар билан тақдим этилди. Улар орасида Snapdragon Sound платформасига асосланган Black Shark симсиз қулоқчинлари мавжуд. Қулоқчин фаол шовқинни қайтариш функциясига эга. Бироқ, овознинг етиб келишинунчалик тез эмас. 

Қулоқчин IPX8 сувдан ҳимоя стандартига эга бўлиб, қувватлаш қутиси билан бирга 30 соат вақт давомида ишлаб бериши мумкин. Унинг нархи 71 долларни ташкил қилади. 

Аксессуарлар орасида қувватлагичлар ҳам бор. 120 ваттлик қувватлагичнинг нархи 47 доллар, 30 ваттлигиники эса 11 долларни ташкил қилади. 

Шунингдек, 16 долларга иссиқлик ўтказувчи ғилоф ва 45 долларга совутувчи кулер сотувга чиқарилади. 

ЎҚИНГ: Redmi 10 5G ва Redmi Note 11S 5G тақдим этилди 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!