BlackBerry Athena: афсонавий бренднинг ҳали тақдим этилмаган QWERTY-смартфони илк «жонли» суратларда!

  •   DiMaX
  •  1230
  •  01.05.2018 19:21

BlackBerry Athena: афсонавий бренднинг ҳали тақдим этилмаган QWERTY-смартфони илк «жонли» суратларда!

Эсингизда бўлса керак, BlackBerry бренди остида жаҳон бўйлаб смартфонлар ишлаб чиқариш ҳуқуқини Хитойнинг TCL компанияси қўлга киритган эди. Мазкур ишлаб чиқарувчи афсонавий бренд остида бир нечта моделда янги смартфонлар тақдим этишга ҳам улгурган.

ЎҚИНГ: Афсонанинг қайтиши: BlackBerry Motion расман тақдим этилди

Хитойнинг телекоммуникацион қурилмаларни сертификатлаш маркази – TENAA сайтида куни кеча ушбу бренднинг навбатдаги модели рўйхатдан ўтди. BlackBerry Athena кодли номига эга бу қурилма ҳақидаги маълумотлар ва унинг суратлари эълон қилинган.

Моддий QWERTY-клавиатурага эга бўлган ушбу смартфоннинг асосий хусусиятлари ҳам маълум бўлди. Унинг 4,5 дюймлик экрани томонлари ўзаро 3:2 нисбатда, дисплейининг  тасвир аниқлиги эса 1620х1080 пикселга тенг. Клавиатурасидаги бўшлиқ (пробел) тугмачасида бармоқ изи сканери жойлашган. Смартфон 12 мегапикселли қўшалоқ асосий камерага ҳамда 8 мегапикселли селфи-камерага эга.

Булардан ташқари, хитойлик инсайдерлар аллақачон мазкур девайснинг «жонли» суратларини ҳам тарқатишган. Улардан бирида смартфоннинг якуний номланиши ҳам акс этган – ушбу қурилма бозорга BlackBerry KEY 2 номи билан тақдим этилади.

BlackBerry Athena смартфонининг иш самарадорлиги учун Qualcomm Snapdragon 660 процессори масъул. Унинг тезкор хотираси 6, доимий хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга. Шунингдек, бу телефонга нақ 2 терабайтгача ҳажмли microSD-картаси қўйса бўлади! 3360 мА/соатлик аккумулятори Qualcomm Quick Charge 3.0 технологияси бўйича тезкор қувватлана олади.

Смартфон иккита SIM-карта, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.2, GPS + ГЛОНАСС, NFC ва FM-радиони қўллаб-қувватлайди. Унинг корпусидан замонавий USB 3.1 Type-C порти ҳамда анъанавий 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам ўрин олган. Android операцион тизимининг 8.1 – Oreo талқини базасида ишловчи BlackBerry KEY 2 корпусининг ўлчамлари 151,4х71,8х8,5 миллиметрга тенг. Смартфоннинг ўзи 168 грамм тош босади.

ЎҚИНГ: Смартфонларни солиштирамиз: BlackBerry KEYone ва Huawei P10 Plus

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!