BlackBerry KEY2 тақдим қилинди

BlackBerry KEY2 тақдим қилинди

Ва ниҳоят, смартфон саноатида ўтмишнинг ёрқин жиҳати билан уйғунлаштирилган илғор "ақлли телефон" тақдим қилинди. BlackBerry KEY2 деб номланган замонавий телефон ўзидаги тўлиқ ҳажмли клавиатураси билан ажралиб туради. Бу клавишларда матн териш ёки турли амалларни бажариш мумкин. Айтиш керакки, мобил қурилма дисплейи сенсорли. Смартфон Android операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

2018 йилнинг 7 июнида ташкил қилинган намойишда BlackBerry KEY2 номли флагман смартфон тақдим қилинди. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, иккинчи авлод телефони ҳисобланган ушбу моделнинг клавиатурасидаги тугмалар 20% га катталашган. Энди матн териш ва улардан фойдаланиш янада қулай. Тугмалар сирти дағал хомашёдан тайёрланган. Бу эса матн териш тезкорлигини оширади.

Албатта смартфон яна бошқа қатор ўзига хосликлари билан ажралиб туради – қўш сенсорли бош камераси ҳамда турли амалларни тезкор бажаришга ёрдам берадиган Speed Key номли алоҳида махсус тугмача. Созламаларда бу тугма орқали қайси функцияни тезкор бажаришни фойдаланувчининг ўзи танлайди. Бунинг учун ўттиздан ошиқ амаллар бор. Бу тугма ҳам клавиатурадан ўрин эгаллаган.

Техник жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. BlackBerry KEY2 бу борада бугунги смартфонлардан ортда қолмайди. Телефон 4,5 дюймли, IPS матрицали, 1620 га 1080 пикселли, шунингдек томонлари 3:2 нисбатли экранга эга бўлган.

Смартфон самарадорлиги учун 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 660 процессори жавобгар. Унинг частота интервали 2,0 ГГц.

Девайс 6 гигабайтли тезкор ҳамда 64/128 ГБ ҳажмдаги доимий хотирага эга бўлган.

Бош камерадаги сенсорларнинг ҳар бири 12 мегапикселли. Олд камерага эса 8 мегапикселли датчик ўрнатилган.

BlackBerry KEY2 аккумулятор батареясининг ток сиғими 3500 мА соат ва уни Quick Charge 3.0 стандарти бўйича тезкор қувватлаш мумкин.

Узунчоқ «Пробел» тугмасида эса бармоқ изи сканери жойлашган.

Смартфон қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Янги йилга қадар унинг Android 9.0 P тизимига ўтказилиши маълум қилинган.

BlackBerry KEY2 қора ҳамда кумуш ранг корпусда ишлаб чиқарилади. Уни июнь ойидан бошлаб $649 (6/64 ГБ) бошлаб харид қилиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.