Блогерларга пул эвазига коронавирус вакцинасини ёмонлаш таклиф этилди

  •   DiMaX
  •  173
  •  27.05.2021 16:03

Блогерларга пул эвазига коронавирус вакцинасини ёмонлаш таклиф этилди

Франция ҳамда Германиянинг машҳур блогерларига мўмай маблағ эвазига АҚШнинг Pfizer/BioNTech вакцинаси ҳақида танқидий фикрлар билдириш таклиф қилинди. Бу хусусда xabar.uz нашри маълумот бермоқда.

ЎҚИНГ: Коронавирусни бир дақиқадаёқ аниқловчи иловани юклаб олинг!

YouTube платформасида бир миллиондан зиёд обуначига эга Лео Грассе – ана шундай шубҳали таклиф олган блогерлардан бири. Унга электрон почта орқали мактуб йўллаган номаълум шахслар коронавирусга қарши кенг миқёсда қўлланаётган Pfizer/BioNTech вакцинаси ҳақида салбий фикрлар билдириш ва бунинг эвазига эса жарақ-жарақ даромад топишни таклиф этган. Мактуб муаллифлари блогердан Pfizer/BioNTech билан эмланганлар орасида ўлим ҳолати AstraZeneca вакцинасини қабул қилганлардан уч карра кўпроқ кузатилаётгани ҳақида хабар беришни сўраганлар. Материаллар YouTube, TikTok ва Instagram тармоқларида эълон қилиниши кераклиги уқтирилган.

Электрон мактуб манзилида Лондонда жойлашган «Fazzе» номли PR агентлик номи кўрсатилган. Ушбу маълумотни ўрганиб чиққан блогер Лео Грассе Лондондаги манзилда мазкур агентлик фаолият юритмаслигини аниқлаган.

Ижтимоий тармоқда кўп минг кишилик аудиторияга эга фаоллардан «Le Monde» газетасини манба ўлароқ кўрсатиб, россиялик ҳакерлар Европа дори-дармон агентлигидан қимматли маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлгани ҳақида хабар бериш ҳам сўралган.

Номаълум гуруҳ блогерларга дунёнинг йирик ОАВ Америка вакцинасига доир ҳақиқий маълумотларни яшираётгани ҳақида ёзишни ҳам уқтирган.

ЎҚИНГ: YouTube’га ҳеч кимга ёқмайдиган мажбурий функция 1 июндан қўшилади

Numerama ҳамда LCI нашрлари блогерларга юборилган мактуб нусхасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ижтимоий тармоқдаги таҳлил ва ўрганишлар натижасида «Fazzе» агентлигининг икки ходими Россияда ишлагани ёки ишлаётгани аниқланган. Шунингдек, агентлик россиялик тадбиркор Владимир Башкинга тегишли «Adnow Internaional» холдинги таркибига кириши маълум бўлган.

Айни чоқда, Numerama ҳамда LCI нашрлари Pfizer/BioNTech вакцинасига қарши мазкур кампания ортида Россия тургани ҳақида узил-кесил хулоса қилмай турган маъқул эканини ҳам қўшимча қилган.

АҚШ ҳамда Германия ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилаётган Pfizer/BioNTech вакцинаси Европа мамлакатларида кенг қўлланмоқда.

Жорий йил апрель ойида Европа иттифоқи Россия ва Хитой давлат матбуоти Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналар ҳақида бўҳтон маълумотлар тарқатиб, аҳолида ишончсизлик уйғотишга уринаётгани ҳақида баёнот берган эди. Расмий Москва ҳам, Пекин ҳам ушбу айбловни рад этган.

ЎҚИНГ: Билл Гейтснинг коронавирус пандемиясига қандай алоқаси бор? Бунга ўзи жавоб берди