Боди-камералар бўйича шубҳали тендер: унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?

  •   DiMaX
  •  520
  •  03.08.2019 12:05

Боди-камералар бўйича шубҳали тендер: унда ютиб чиққан компаниянинг АҚШдаги дала ҳовлига қандай алоқаси бор?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги йўл патруль хизмати ходимлари 2019 йилнинг 1 июль санасига қадар боди-камералар билан таъминланиши белгиланган эди. Лекин бу тартиб ўз муддатида кучга кирмади, деб ёзади Kun.uz журналисти Зафарбек Солижонов. Қуйида ушбу мақолани тегишли суратлари билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда илк бор: Сурхондарёда ЙПХ ходимлари боди-камера билан ишлай бошлади

Жорий йилнинг 3 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг №556-сонли «Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга кўра йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар билан таъминлаш муддати сифатида 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, 2018 йил август ойида боди-камераларни етказиб бериш бўйича тендер ўтказилган. Тендерда Anico Kft, Infinecom LLC, Secure House, «ORGSELL» МЧЖ, Poly Technologies, Des Ltd, «Ўзэлектроаппарат – Электрощит» ҲЖ каби ўнга яқин компаниялар қатнашган. Унда «Infinecom» LLC компанияси ютиб чиққан.

Тендер ҳаққоний ўтказилгандими? Infinecom LLC (Limited liability company) қандай компания? Унинг таъсисчиси ким? АҚШнинг қайси штатида фаолият олиб боради? Тошкент шаҳридаги офиси қаерда жойлашган? Компания қачондан бери бу соҳа билан шуғулланади? Kun.uz бу борада ўз журналистик суриштирувини амалга оширди. Ўрганиш чоғида қизиқ ҳолатларга дуч келдик.

Ишни Google орқали компания сайтини қидиришдан бошладик. Маълум бўлишича www.infinecom.com компаниянинг расмий сайти экан (сайтдаги маълумотлар рус ва инглиз тилида берилган). Сайтдаги маълумотларга кўра, компанияга 2011 йилда асос солинган бўлиб, телекоммуникация ва информацион технология соҳаларида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.

Сайтнинг «Алоқа учун» бўлимида компания рўйхатдан ўтказилган манзил сифатида «9145 Forest wind drive, Коллервилль, Теннесси штати, АҚШ» кўрсатилган бўлиб, уни Google Maps орқали қидириб кўрдик.

Дастур бирор офисни эмас, балки Теннеси штатидаги дала ҳовлини кўрсатди. Унинг атрофидаги бошқа уйлар ҳам дам олиш учун мўлжалланган дала ҳовлилар бўлиб, кунлик ёки ойлик ижарага берилар экан. Атрофдаги деярли барча манзилларда чўмилиш учун қурилган сауна, бассейнларга эга дала ҳовлилар жойлашганди. Бир сўз билан айтганда бу мажмуа телекоммуникация ва информацион технология соҳаларида етакчи компаниялардан бирининг офисига сира ўхшамайди (балки бу жой компания ходимлари ҳордиқ чиқарадиган дала ҳовлидир).

Google қидириш хизмати орқали бу уй (9145 Forest wind drive, Коллервилль, Теннесси штати, АҚШ) ҳақида янада кўпроқ маълумотлар олдик. www.redfin.com, www.zillow.com ва www.realtor.com сайтларида ушбу уй барча шароитларга эгалиги, унинг нархи 400 000 АҚШ доллари атрофида экани, 2016 йил 29 мартида сотиб олингани ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Бизнес фаолияти билан шуғулланувчи компанияларни қидириб топишингиз мумкин бўлган https://bizstanding.com сайти орқали эса бу компаниянинг бошқа бир манзилини топдик.

Кўпчиликка маълумки, АҚШда шаффофликни таъминлаш учун тегишли сайтлардан исталган маълумотни олишингиз мумкин. https://tnbear.tn.gov/Ecommerce/FilingSearch.aspx сайти орқали компания ростдан ҳам мазкур штатда фаолият юритадими ёки йўқ, шу ҳақда керакли ёзувларни киритиш орқали маълумот олишга ҳаракат қилдик. Аввалига «infinecom LLC» ёзувини киритиб қидириб кўрдик. Лекин ҳеч нарса топилмади. Кейин «infinecom» ёзуви орқали компанияни қидирдик. Бироқ бу сафар ҳам уринишимиз зое кетди.

Кейин сайтда почта манзили сифатида кўрсатилган «5865 Ridgeway Center Parkway, Ste 300, Memphis, TN 38120» манзилига юзландик. Google maps ўша ерда жойлашган суғурта компанияси, христиан черкови ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан одатда автотураргоҳ сифатида фойдаланадиган бўм-бўш майдонни кўрсатди. Қизиқ эмасми?

2018 йилнинг 16 март куни Infinecom LLC бош менежери Дмитрий Попов томонидан берилган тавсиянома хатида ҳам юқоридаги «9145 Forest wind drive, Коллервилль, Теннесси штати, АҚШ» манзили кўрсатилган.

Тендер комиссияси раиси Ф.Ф.Касимов кворум мавжудлигини айтиб, тендерни ўтказган. «ORGSELL» МЧЖ ва Infinecom LLC компаниялари қатнашган тендерда Infinecom LLC компанияси ғолиб бўлган. Маҳсулот етказиб бериш 1 699 423 АҚШ долларига (ўша кунги сўмдаги нисбати 13 238 845 054 сўм 6 тийин) баҳоланган.

Юқоридаги ҳолатларга изоҳ олиш учун аввалига компания ходимларидан бирининг Facebook ижтимоий тармоғидаги профилига хабар жўнатдик. Ходим ҳозирда фирма ишлари кўплиги, бошлиғи турли мажлисларда юргани ва жўнатилган саволларга тез кунда жавоб йўлланишини айтди. Саволларни сайтда кўрсатилган почтага жўнатдик. Ҳадеганда жавоб бўлавермагач, хатни ўз қўлимиз билан компаниянинг Тошкент шаҳри Ойбек кўчаси 38-уйда жойлашган офисига олиб бориб бердик. Фирма раҳбари ҳали ҳам ишлар билан бандга ўхшайди, уларнинг жавобларини кутмоқдамиз.

Тендер комиссияси баённомасида буюртмачи ва ғолиб компания – Infinecom LLC ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоланиши тавсия қилинган. Боди-камералар билан боғлиқ барча ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлигидан изоҳ олишга уриндик. Ҳануз етарли жавоб ололмадик, Kun.uz ҳозирча воқеалар ривожини кузатади, дея мақолага якун ясалган.

ЎҚИНГ: Яширин камера ўрнатилган: ижара квартираларида ёки меҳмонхоналарда яширин камерани қандай топса бўлади?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.