Бўкада янги телекоммуникация инфратузилмаси шакллантирилади, кейин эса Оққўрғон ва Пискентда

  •   DiMaX
  •  639
  •  18.04.2019 09:32

Бўкада янги телекоммуникация инфратузилмаси шакллантирилади, кейин эса Оққўрғон ва Пискентда

Шу кунларда Бўка туманида ишлар қизғин паллага кирган, жараёнлар соат сайин ўзгариб бормоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишлари тиним билмаяпти, ҳисоботлардаги рақамлар, кўрсаткичлар давомий ўзгариб бормоқда. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этмоқда, дейилади Вазирлик хабарида.

ЎҚИНГ: Бўка «тажриба полигони»га айланди: тезкор интернет ва Wi-Fi ҳудудлари

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасидаги учинчи ташаббус – «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш»нинг Бўка туманидаги апробацияси ижроси, ҳозиргача амалга оширилган ишларнинг сарҳисобини қилиш, галдаги устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов мазкур туманда бўлди.

Вазир туманда иш олиб бораётган Вазирлик ишчи гуруҳи билан учрашиб, учинчи ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишларни ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича таклиф қилинаётган лойиҳаларни танқидий-таҳлилий кўриб чиқди.

Шуҳрат Содиқов Бўка тумани марказида жойлашган «Ўзбекистон почтаси» АЖ маъмурий биноси базасида ташкил этилаётган «Рақамли технологиялар ўқув маркази»даги қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёни, тумандаги бир қатор мактабларда компьютер технологиялари, робототехника, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгаракларни ташкил этишга оид ишлар билан яқиндан танишди. Тумандаги «Бўстон» МФЙда учинчи ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Бўка туманидаги барча мактабларда ташкил этилаётган компьютер синфларида юқори тезликдаги Интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш учун оптик толали алоқа линияси асосида телекоммуникация инфратузилмаси ташкил этилмоқда.

ЎҚИНГ: Speedtest.net’нинг интернет тезлиги рейтингида Ўзбекистон янада пастлади

Мухтасар айтганда, ташкил этилаётган оптик алоқа линиялари орқали ижтимоий инфратузилма объектлари билан бир қаторда, аҳоли учун ҳам замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатишга имконият яратилмоқда.

Ҳозирги кунда мавжуд 73 та мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш объектларининг 36 тасига 170 км оптик толали алоқа линиялари ўтказилди. 12 та объектга якуний қурилмалар ўрнатилиб, Интернет тармоғига уланди. Шу билан бирга, мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида «Катта Ровот» ҳамда «Кўкорол» МФЙ ҳудудида Uzmobile мобил алоқа операторининг база станциялари ўрнатилиб ишга туширилди.

Тумандаги Бўстон ёшлар боғи, маданият саройи ва мусиқа мактабида ўрнатилган Wi-Fi қурилмалари ишга туширилди. Қолган объектлар бўйича ишлар белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.

Мазкур бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш учун навбатдаги манзиллар – Оққўрғон ва Пискент туманлари белгиланган. У жойларда ҳам ҳозирнинг ўзида ишлар бошлаб юборилган.

ЎҚИНГ: АКТ вазири Навоийда ёш мутахассислар билан мулоқот қилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!