Болангиз смартфондан бош кўтармаяптими? Айб сизнинг даромадингизда!

  •   DiMaX
  •  3096
  •  31.10.2019 15:35

Болангиз смартфондан бош кўтармаяптими? Айб сизнинг даромадингизда!

Бугунги кунда ота-оналарнинг ва таълим муассасаларининг асосий муаммоларидан бири – болаларнинг смартфон, планшет ва бошқа гаджетларга боғланиб қолганликларидир. Аввалроқ ҳатто 18 яшар йигитча смартфон ва ўйин сабабли ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзган эдик.

ЎҚИНГ: Смартфондан кўп фойдаланиш суиқасдга бошлайди

Хўш, бунга сабаб – ота-оналар ўз боласининг «ҳеч кимдан кам бўлмаслиги» учун унга зўр девайслар олиб бериб қўйганида, деб ўйлайсизми? Қисман тўғри, аммо...

Common Sense Media нотижорат ташкилоти ўтказган тадқиқот натижалари бошқачароқ хулосаларни илгари суради. Аниқланишича, бадавлат хонадонлар фарзандларига кўра ўртаҳол оилаларнинг болалари смартфонларга кўпроқ тобе бўлиб қолаётган экан.

Маълум бўлишича, ота-оналари йилига 35 минг доллардан кам даромад қиладиган 8–12 ёшлардаги болалар бир кунда салкам 6 соат вақтини смартфон билан ўтказар экан. Йиллик даромади 100 минг доллардан ошиқ бўлган оилаларнинг шу ёшдаги вакиллари эса мобил қурилмаларга бундан икки соат кам вақт сарфлашади.

ЎҚИНГ: Тадқиқот: Смартфонни ҳаддан зиёд кўп ишлатганларда ҳақиқий шох ўсиб чиқади! (+сурат)

Умуман олганда, смартфонлар вақтичоғлик қилишнинг энг арзон воситасига айланиб бўлган, деб ҳисоблайди Common Sense Media. Тадқиқотда яна шуниси ойдинлашганки, болалар улғайгани сайин уларнинг замонавий девайсларга тобелиги ошиб борар экан.

Сердаромад оилаларнинг 13–18 ёшлардаги болалари кунига деярли 7 соат вақтини экранга термулиб ўтказишар экан. Камхаржроқ хонадонлардаги ўсмирларда эса бу кўрсаткич саккиз ярим соатга тенг; ахир, бу – сутканинг учдан бир қисмидан ҳам ошиқ вақт!

Шу сабабли мутахассислар фарзандларни турли тўгаракларга бериш, гаджетлар билан боғлиқ бўлмаган машғулотларга кўпроқ қизиқтириш зарур, дейишмоқда. Боланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш учун биз ўйлаганимиздан кўра жиддийроқ сабаблар мавжудлиги ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Смартфонга тобеликдан қутулса бўлади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.