Бор-йўғи 107 долларга улкан экран ва 6000 мА/соатлик аккумуляторли смартфон чиқди

  •   DiMaX
  •  5328
  •  21.07.2020 14:58

Бор-йўғи 107 долларга улкан экран ва 6000 мА/соатлик аккумуляторли смартфон чиқди

Одатда смартфон қувватининг кўп қисмини катта экран сарфлайди. Ааксига олиб, айнан ўлчами катта ва техник таъминоти кучли флагманларнинг батареяси унча сиғимдор бўлмайди.

ЎҚИНГ: Смартфонларнинг йилдан-йилга катталашиб боришини тўхтата оламизми?

Infinix компанияси эса шу икки жиҳатни ўзида уйғунлаштирган Smart 4 Plus смартфонини намойиш қилди. Унинг дисплейи катта ва аккумулятори сиғимдор бўлишидан ташқари, нархи ҳам паст – атиги 107 доллар! Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу модел ўз нарх тоифасида энг сиғимдор батареяли смартфондир.

Infinix Smart 4 Plus поликарбонат корпусда тақдим этилган, унинг ўлчамлари 171,82х77,96х8,9 миллиметрга, вазни эса 207 граммга тенг. Унинг диагоналига 6,82 дюймлик дисплейи 720х1640 пикселлик аниқликда тасвир узата олади. Экраннинг томчисимон кемтигига ўрнатилган 8 мегапикселлик селфи-камера эса қўшалоқ LED-чақноқ билан тўлдирилган.

Арзон ва «бели бақувват» бу смартфоннинг орқа панелида қўшалоқ бош камера жойлашган, ундаги асосий модул 13 мегапикселлик аниқликка эга. Infinix Smart 4 Plus бармоқ изи датчиги ҳам орқа қопқоқдан ўрин олган.

ЎҚИНГ: «Samsung, четроқ сурил, Xiaomi, сен нарироққа ўт!» – Realme ҳам «бели бақувват» арзон смартфон чиқаряпти

Infinix бу смартфонини Android 10 операцион тизим талқини устига қурилган XOS 6.2 операцион тизими билан чиқарган. Унинг «электрон юраги» сифатида эса Helio A25 процессори танланган. Infinix Smart 4 Plus тезкор/ички хотира ҳажми тегишлича 3/32 гигабайтлик, яна microSD учун слот ҳам мавжуд.

Иккита SIM-карта билан ишловчи бу телефоннинг 6000 мА/соатлик аккумулятори microUSB порти орқали 10 ваттлик заряд ола билади. Унинг корпусида 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11 b/g/n, Bluetooth 4.2 ва GPS модуллари, қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик стандарт тирқиш ҳам бор.

Infinix Smart 4 Plus смартфони 28 июлдан бошлаб Midnight Black, Ocean Wave ва Violet рангли корпусларда Ҳиндистонда сотувга чиқади.

ЎҚИНГ: Атиги 130 доллардан 7 дюймлик экран, стереодинамик ва 6000 мА/соатлик аккумуляторга эга смартфон сотила бошлади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.