Бош вазир "ихтирочи" абитуриентга дастурчи бўлишни маслаҳат берди

Бош вазир

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 1 август куни пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" биносида бўлиб, бу ерда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ўтказилаётган имтиҳон жараёнлари билан яқиндан танишди. Бу тўғрида nuz.uz сайти хабар бермоқда.

1 август куни Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун юртимиз бўйлаб тест имтиҳонлари ташкил қилинди. Жумладан, Тошкент давлат юридик университетида ҳам абитуриентлар учун синовлар бўлиб ўтди. Университетга талабаликка қабул қилиниш учун ҳужжат топширган абитуриентлар оқимининг йириклиги ҳисобга олиниб, университет жорий йилда имтиҳонларни Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар биносида ташкил қилди.  

Рақобатнинг юқорилиги боис, имтиҳонлар чоғида абитуриентларнинг турли хилдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари, тест жараёнларида турли алоқа воситаларидан, гаджетлардан фойдаланишга уриниши одатда кўп кузатилади. Маълумки, имтиҳон топширадиган ёшлар уларда тақиқланган воситаларнинг йўқлигини ва шахсини аниқлайдиган 3 та босқичли назоратдан ўтишлари керак бўлади.    

Имтиҳон арафасида билимига ишонмаган ёшлар чинакам ихтирочига айланиб, имтиҳонда уларга ёрдам бериши мумкин бўлган турли-туман воситаларни яратадилар.  

Шундай ёш йигитлардан бири ҳам Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонларида ўзи учун мўъжазгина электрон қурилма яратиб олди ва уни имтиҳонга 3 кун қолганида "Ўзэкспомарказ" ҳудудида жойлашган ҳожатхонага яширишга эришди.

Имтиҳон бошланишига бир фурсат қолганида бу "ихтирочи"нинг "қорни оғриган" бўлди ва у ҳожатхонага боришга рухсат сўради. Умид билан яратган гаджетини яшириб, имтиҳон хонасига қайтиш чоғида жиноятчи назорат гуруҳи томонидан тўхтатиб қолинди. Бу ердагилар ҳам анойи эмас.    

Зукко назоратчилар абитуриентнинг аппарат таъминот ишланмасини кўриб ҳайратда қолишди. Имтиҳон чоғида товламачилик қилишга уринган омадсиз "кашфиётчи" синовлардан четлаштирилди.

Бу воқеалар бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг имтиҳон ҳудудига ташрифи чоғида бўлгани боис, ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов абитуриент яратган "электрон шпаргалка"ни кўздан кечирди. ва  ҳазиломуз кайфиятда  уни яратган йигитга Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кириши кераклигини маслаҳат берди.


Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!