Бойсунда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилмоқда

Бойсунда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи асносида Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ конида қидирув ва ўзлаштириш ишларини амалга ошириш, газ-кимё мажмуаси қуриш бўйича битим имзоланган эди.

Умумий қиймати 5,27 миллиард АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилади.2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобига йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг 2 минг 200 иш ўрни яратилади.

Ҳозирги кунда газ конининг 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилмоқда, “Eriell” компанияси томонидан 7 та баҳолаш қудуғи бурғуланмоқда. Объектда "Baker Hughes”, “Halliburton” ва “Schlumberger” хорижий компаниялари мутахассислари ҳам меҳнат қилмоқда.

Бойсун туманида бошланган навбатдаги лойиҳа мамлакатимизнинг жанубий ҳудудини комплекс ривожлантириш, ёқилғи-энергетика, кимё, қурилиш саноати ва транспорт инфратузилмаси корхоналари қувватларини ошириш имконини беради. 

Президентимизга лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусида эришиладиган натижалар ҳақидаги тақдимот намойиш этилди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!