"Бу ҳафта Fragment фойдаланувчи номларидан ташқарига кенгаяди" – Дуров

Telegram раҳбари Павел Дуров ўз мессенжеридаги блогида янги пост қолдирди ва унда блокчейн, Fragment ва Telegram учун навбатдаги қадамлар ҳақида гапириб ўтди.

"Блокчейн индустрияси марказсизлаштириш ваъдаси устига қурилган, лекин у барибир унинг кучини суиистеъмол қилганлар қўлида марказлаштирилди. Натижада, дунёдаги энг катта биржаларнинг бири – FTX банкрот бўлганида кўпчилик одамлар пулларини йўқотишди" дейди Дуров.

Унинг сўзларига кўра, блокчейнга асосланган лойиҳалар ўз "илдизига" ёхуд марказлашмаганликка қайтиши, криптовалюта фойдаланувчилари эса ҳеч қандай учинчи томонга таянмайдиган ишончли транзакциялар ва "ўз-ўзидан жойлаштирилган" ҳамёнларга ўтишлари керак.

"Биз, дастурчилар, омма учун тез ва фойдаланиш учун қулай бўлган марказлаштирилмаган иловаларни яратиш орқали блокчейн саноатини марказлаштирилишдан узоқлаштиришимиз керак. Ниҳоят бугунги кунда бундай лойиҳаларни амалга оширишнинг иложи бор"

Дуров яқинда ишга туширилган Telegram фойдаланувчи номларини ауксион орқали сотиш имконини берадиган Fragment лойиҳасига тўхтатилиб ўтди. Унинг айтишича, платформани яратиш учун Дуровнинг ўзи билан 5 киши (ҳа, Дуров ҳам код ёзиб турар экан) ва 5 ҳафта керак бўлган. Бунда улар Ethereum блокчейнидан тез ва самарали ишлайдиган The Open Network ёхуд TON блокчейнига асослаб яратишган.

"Fragment ажойиб муваффақиятга эришди. Унда бир ойдан камроқ вақт ичида 50 миллион долларлик фойдаланувчи номлари сотилди. Бу ҳафта Fragment фойдаланувчи номларидан ташқарига кенгаяди", қўшимча қилди Дуров.

Шунингдек, Павел Дуров Telegram учун навбатдаги қадамларни айтиб ўтди. Маълум бўлишича, тез орада мессенжерда марказлаштирилмаган воситалар тўплами, жумладан, криптовалюталарни хавфсиз савдо қилиш ва сақлаш учун "ҳибсга олинмаган" ҳамёнлар ва марказлашмаган биржалар яратилади.

ЎҚИНГ: Криштиану Роналду қандай смартфондан фойдаланади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!