Бу сафар расман: Xiaomi 12Т серияси 200МП камерали смартфон билан қачон чиқарилиши маълум қилинди 

Бу сафар расман: Xiaomi 12Т серияси 200МП камерали смартфон билан қачон чиқарилиши маълум қилинди 

Бир неча ойлик миш-мишлардан сўнг, Xiaomi компанияси расман яна бир қатор смартфонлар, Xiaomi 12Т сериясини чиқаришини маълум қилди. Гарчи айнан қайси моделлигини айтмаган бўлса ҳам, компания янги серияда 200МП камерага эга смартфон бўлишини ҳам тасдиқлаган. Хабарларга кўра, бу (катта эҳтимол билан) Xiaomi 12Т Pro модели бўлиши мумкин.

Xiaomi 12Т серияси икки моделни ўз ичига олади: Xiaomi 12Т ва Xiaomi 12Т Pro. Оддий моделдан фарқли ўлароқ, Pro модел Samsung'нинг 200 мегапикселли камера сенсори, ISOCELL HP1 билан жиҳозланган бўлади. Биз бу сенсорни Motorola ўтган ойда тақдим қилган Edge 30 Ultra смартфонида кўрган эдик. Xiaomi 12Т Pro бундай сенсорга эга дунёдаги иккинчи смартфон бўлади.

200МП камера ёлғиз эмас. Унга 8 мегапикселли ултра-кенг ва 2 мегапикселли макро камералар ёрдамчилик қилади. Худди шундай қўшимча камералар билан оддий модел 108МП асосий камерага эга бўлиши кутилмоқда.

"Хўш, 200МП бўлса нима қилибди?", "Буни қандай каромати бор?" деганлар учун Xiaomi ўзининг Twitter саҳифасида бир нечта видеолар билан улашди. Унда 200МП камеранинг афзалликлари билан танишиш мумкин.

Масалан, 200МП камеранинг плус томонларидан бири, сиз олган суратингизни қирққанингизда ҳам, кесиб олинган сурат хира бўлиб қолмайди, ёхуд пикселлар зичлиги сабаб кесилган тасвир ҳам тиниқлигича қолади.

Қолаверса сиз тунда, қоронғуликда ҳам Ultra Night Video режими билан ёрқин видеоларни тасвирга олишингиз мумкин бўлади. 

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, Xiaomi 12Т Pro смартфони 6.67 дюймли, 120 герц янгиланиш тезлигига эга, AMOLED экран ва Qualcomm'нинг Snapdragon 8+ Gen 1 чипсети билан, Xiaomi 12Т эса 6.7 дюймли, 120 герц янгиланиш тезлигига эга OLED экран билан MediaTek Dimensity 8100 чипсети билан чиқарилиши кутилмоқда.

Xiaomi бу янги смартфонларни яна бир нечта "мега" маҳсулотлар билан расман 4 октабр куни тақдим қилади.

ЎҚИНГ: Galaxy S23 Ultra'нинг рендерлари эълон қилинди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!