Бугун ҳеч кимнинг туғилган куни эмас! Буни ҳаммага тарқатинг ва «бонус»га эга бўлинг!

Бугун ҳеч кимнинг туғилган куни эмас! Буни ҳаммага тарқатинг ва «бонус»га эга бўлинг!

XXI аср — технология асри. Технология асрининг афзаллиги шундаки, унда ахборот алмашиш, маълумотга эга бўлиш ҳар қачонгидан осон, қулай ва арзондир. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди — технология ривожининг ўзига хос камчилик ва салбий томонлари борлигини ҳеч ким рад эта олмайди.

Сўнгги йилларда турли ижтимоий тармоқ платформлари ва тезкор мессенжерларнинг пайдо бўлгани ва уларда маълумот улашиш сониянинг улушлари оралиғида содир бўлиши инсонлар ўртасидаги мулоқотни енгиллаштирди, турли бизнеслар фаолиятини янги босқичга олиб чиқди. Ваҳоланки, айнан мана шу замонавий ахборот воситалари баъзи инсонлар учун нотўғри маълумот тарқатиш, инсонлар онгини ҳақиқатга зид бўлган маълумотлар билан тўлдиришда хизмат қилувчи қуролга ҳам айланиб улгурди. Ушбу нобоплик шунчалар оммалашганидан, ҳатто, унинг учун алоҳида термин ҳам яратилди — «дезинформация».

Глобал тармоқнинг ўзбек сегментида энг кенг тарқалган дезинформация тури одамларнинг соддалигидан фойдаланиб, уларни лаққа туширишга асосланади. Ҳаммамиз турли чат ва гуруҳларда «Бугун фалончи компаниянинг туғилган куни. Бу хабарни 10 кишига жўнатинг ва компания сизга бир соатда 10ГБ беради», каби хабарларга дуч келганмиз. Бунга ишонган танишларимиз эса ушбу хабарни 10 та эмас, балки 100 кишига жўнатган. Мана бу ҳақиқий дезинформация! Келинг, шу ерда мана шу турдаги хабарларга изоҳ бериб кетсак. Хўш, нега бу хабар тўғри бўлиши мумкин эмас? Одамлар нима учун бу хил ёлғонларни ўйлаб топади? Аввало, айтиш керакки, мессенжерлар, жумладан, юртимизда оммалашган Telegram фойдаланувчи хавфсизлигига жиддий эътибор бериб, турли мураккаб шифрлаш технологияларидан фойдаланади. Бу эса хабарингизни ўзингиз ва сиз жўнатган одамдан бошқа ўртадаги учинчи томон ўқий олмайди, деганидир. Энди, ўйлаб кўринг: агар оператор сиз юқоридаги каби туғилган кун ҳақидаги хабарни 10 кишига жўнатганингизни ўқий олмаса, сизга қандай қилиб бонус тақдим қилсин?! Иккинчидан, операторга туғилган куни ҳақидаги хабарни тарқатишдан нима наф? 10ГБ интернетни UzMobile, Beeline, Ucell, UMS, Perfectum каби операторлар сизга текинга беради, деб ўйлайсизми? Улар шунчалар лақма кўринадими? Абонентга 8ГБ трафик сотиш эвазига UzMobile, масалан, 41 минг сўм пул топади. Бу маблағдан компания ҳеч нарсадан-ҳеч нарса воз кечишига ишонасизми? Бундан ташқари, бу каби ёлғон маълумотни тарқатаётганлар сони неча мингни ташкил қилади, буни ҳеч ким билмайди. Агар компания туғилган кунида сизга совға бермоқчи бўлса, худди УзМобиле каби махсус USSD код орқали беради ва совға ҳажми ҳеч қачон 10ГБ бўлмайди!

Юқоридаги каби маълумот кўпчиликка жиддий зарар етказмас, энг ёмон ҳолларда баъзилар компанияга телефон қилиб «ҳақли равишда эришган» 10ГБини талаб қилиб, операторнинг бошини оғритиши мумкин. Аммо муаммо бу билан чекланиб қолмайди. Бирор бир Telegram гуруҳида дўстларингиз билан мулоқот қилиб турган бир маҳалингиз кимдир «Бу нарса рост экан! Старт берганларга 20 доллардан пул бериляпти! Ссилка устига босиб, ботга старт беринг ва бойиб кетинг!» деган кўринишдаги хабар келади. Бот бирор бир банк ёки пулдор ташкилот номидан очилган бўлади. Ботни яратувчиларнинг асл мақсади бизга қоронғу, аммо мана шу ботларга старт бериб, «ишлаб топган пул»ингизни ечиб олмоқчи бўлганингизда, сиздан карта рақамингиз сўралади... Гап нимадалигини ўзингиз тушундингиз, деган умиддамиз. Балки бу ботни яратган инсон сизнинг карта маълумотларингиз билан ҳеч нарса қила олмас, аммо унинг номаъқул бошқа мақсади амалга оширилишига ўз ҳиссангизни қўшманг. Мулоҳаза қилинг: ботга старт берилишидан кимга нима фойда? Нима учун текиндан-текин сизга 20 доллар, қўйингки, 1000 сўм «беряпти» у кимса?

Юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам омадингиз келиб, бошқаларга жўнатган нотўғри маълумотларингиздан на ўзингиз, на бошқалар зарар кўрар, аммо қуйидаги ҳолатда ҳақиқий хатолик ва балким гуноҳ содир бўлади. Telegram'да канал ва гуруҳ очишнинг осонлиги боис ҳар ким исталган гапини айта олади. Ҳатто Telegram'да шундай гуруҳ борки, у ерда Худо номидан асоссиз гаплар ёзилади ва энг қизиғи, бир неча ой олдин шу канални ундаги контентни таҳлил қилиш мақсадида топиб, кўрганимиздан 300 кишидан ортиқ одам унга аъзолигига гувоҳ бўлиб, ёқамизни тишлаб қолгандик. Ҳа, тўғри тушундингиз, гап диний мавзудаги каналлар ва шу мавзудаги контент ҳақида кетяпти. Диний дезинформация ҳам авжида. Баъзи «диндор»лар одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, ўзларининг бирор бир илмий асосга эга бўлмаган гапларини оммалштиради. Бу мана бундай кўринишда амалга ошади: «Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: ... Бу хабарни 10 кишига жўнатсангиз, икки кун ичида сизга ғойибдан катта бойлик келади, агар бахиллик қилиб, ҳеч кимга жўнатмасангиз, бор будингиздан ажраласиз». Хўп, айтайлик, Пайғамбар алайҳиссалом номидан келтирилган ҳадис саҳиҳдир, бу постни тайёрлаб, тарқатган одам ишончли манбадан фойдалангандир, аммо бир ўйлаб кўринг: саодат асрида Telegram бўлганми? Ўша даврда бу каби хабарларни онлайн равишда 10 кишига жўнатиш имкони мавжудмиди? Нега катта бойлик ваъда қилиняпти? Келиб чиқиши тасдиқланмаган хабарни тарқатмаганлик учун нега илоҳий жазо берилади? Озгина мулоҳаза қилсангиз, бу ерда бирор бир одамнинг ўз каналини реклама қилиб, одам йиғмоқчилигини тушунасиз.

Ҳозирги шароитда энг ишончли манбалардан фойдаланиб, шунга кўра қарор чиқаришга одатланинг. Умумий мавзудаги янгиликлар учун таниқли нашрларнинг @kunuzofficial, @Daryo, @qalampir ва @sofuzb Telegram каналларидан фойдаланинг. Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият борасидаги янгиликлардан бохабар бўлиш учун @koronavirusinfouz Telegram каналига аъзо бўлинг. Диний маслаҳат ва маълумотлар учун @mehrob_uz каналига мурожаат қилинг.

Огоҳ бўлинг! Интернет ва ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар, номақбул материал тарқатганлик ёки амалдаги қонунчиликка зид бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширганлик учун қонун олдида жавобгарлик белгиланган. Бунга яқинда Telegram'да порнографик контент тарқатган ёки ижтимоий тармоқда ўзбек тилини «исқирт» деб атаган йигитларга нисбатан қонуний чора кўрилганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Кейинги сафар бирор бир хабарни Telegram'даги дўстларингизга тарқатишдан олдин бундан ҳеч ким зарар кўрмаслиги ҳақида ўйланг! Ахборот хуружи даврида дезинформация иштирокчиси ёки қурбонига айланиб қолманг.

Энди сиздан бир илтимос. Ушбу хабаримизни ҳаммага тарқатинг ва ҳаёт «бонус»ига эга бўлинг, яъни яхшилик қилинг!

ЎҚИНГ: «Ўзбектелеком» огоҳлантиради: «Республикамизнинг еттита ҳудудида мана шу кунлари алоқада узилишлар бўлиши мумкин»

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!