Бугун International CES 2016 – халқаро электроника кўргазмаси иш бошлайди

Бугун International CES 2016 – халқаро электроника кўргазмаси иш бошлайди

Бугун, 2016 йилнинг 6 январь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида телекоммуникация, ИТ, алоқа, ўйинчоқлар, совғалар, эсдаликлар каби кўплаб соҳаларни ўз ичига қамраб олган дунёдаги энг йирик электроника кўргазмаси иш бошлайди.

Мазкур кўргазмада дунёнинг EchoStar, Intel, Microsoft, Motorola, Panasonic, Philips, Samsung, LG, Lenovo, Sony, Toshiba сингари кўплаб корпорациялари иштирок этаётгани унинг нуфузини белгилаб беради.

Мазкур кўргазма илк маротаба 1967 йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилган эди. Унда жами бўлиб 200 экспонат кўргазмага қўйилган бўлса, International CES 2010 дунёнинг 130 мамлакатидан турли компаниялар 2500 экспонатни намойиш этди. Ушбу кўргазмага 126600 киши ташриф буюрди.

2013 йилда эса кўргазмага 150 мамлакатдан 150 минг нафардан зиёд томошабин келди. Шунингдек, 5586 нафар ОАВ вакили, 3250 минг иштирокчи қатнашди.

International CES 2014 майдони янги рекордни қайд этиб, 186000 кв. м (2013 йилда 178400 бўлган)ни ташкил қилди. Унда 3250 экспонент ва қарийб 150 минг меҳмон иштирок этди.

CES 2015 Лас-Вегасдаги Sands Expo Convention Center марказига кўчиб ўтди ва бутун бошли Лас-Вегас шаҳри ҳудудидан ҳам каттароқ майдонни – 207000 кв. м ни эгаллади. Унда 3600 экспонент, жумладан, 375 стартап қатнашди. Ўтган 2015 йилдаги халқаро кўргазмада рекорд даражадаги томошабин – 176676 киши иштирок этди. Шунингдек, 6952 нафар ОАВ вакили ва таҳлилчилар қатнашди, 7,51 млрд твит ёзилди.

6-9 январь кунлари бўлиб ўтадиган бу йилги CES 2016 кўргазмаси ҳам кўплаб янги электроникаларни тақдим этиши билан аҳамиятли. Унда янги гаджетлар, турли соҳалардаги истиқболли технологиялар – телевидениедан тортиб, мобиль телефонларигача, роботлардан тортиб, ўзи бошқарилувчи автомобилларгача намойиш этилади.

Бир қатор экспертларнинг фикрича, 2016 йилда асосий урғу шу чоққача мисли кўрилмаган прототипларга эмас, балки истеъмолчиларга яқин илғор технологияларга қаратилади.

Телевизорлар

Телевизион технологиялар ҳар доим CES мутахассисларининг диққат марказида бўлиб келган. Сўнгги йилларда телевизор ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар оммага янада каттароқ экранли маҳсулотларни тақдим этишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Бу йилда тренд бошқачароқ бўлиши кутилмоқда: бир неча ой муқаддам LG ўта юпқа ва енгил, қайсидир маънода девордан қарийб ажратиб бўлмайдиган прототип ҳақидаги хабарларни тарқатган эди. Ундаги HDR (High Dynamic Range) технологияси тасвирлардаги ёрқинлик, контрастлик (қисмларнинг бир-биридан ажралиб кўриниши) ва аниқликни таъминлайди.

Дронлар

Камералар ишлаб чиқарувчи GoPro компанияси CES 2016 кўргазмасида ўзининг Karma дронини намойиш этиши мумкин. Гап-сўзларга кўра, мазкур дрон парвоз вақтида тўқнашувлардан қочувчи махсус технология билан таъминланган. Бундан ташқари, Karma 360 даража бурчак остидаги тасвирларни кўрсатиб бериш имкониятига эга.

Бельгиянинг Fleye компанияси эса шар шаклидаги дронни тақдим этишни режалаштирган. Унда пропеллер  пластик қоплама остига бекитилади.

Жанубий Кореянинг Uvify дронлари эса объектларни уч ўлчамда аниқлаш имкониятига эга бўлиб, ёпиқ биноларда ҳам ҳеч қаерга тўқнашмасдан парвоз қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Виртуал реаллик

2016 йил виртул реаллик йили бўлишга ваъда бермоқда. Мутахассислар мазкур технологияни VR қисқартмаси билан ифодалашади.

HTC компанияси 4 январь куни ўзининг модификацияланган Vive VR VR-гарнитураси тасвирларини намойиш қилди. Мазкур ускуна Valve видеоўйинлар ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорликда тайёрланган. Тахминларга кўра, ушбу маҳсулот айни вақтларда савдога ҳам чиқарилади.

Роботлар

Истеъмол технологиялари ассоциацияси маълумотларига кўра, жорий йилда CES кўргазмасининг “Роботлар” категорияси учун ўтган йилга қараганда 71 фоиз каттароқ жой ажратилган. Айтиш жоизки, роботлар ҳали такомилга етмагани ва ўта қимматлиги учун кенг фойдаланилаётгани йўқ. Аммо айрим компаниялар уларни оммавий фойдаланишга мақбуллаштиришга уринмоқда. Жорий кўргазмада инсонлар ҳаётига яқиндан кириб бориш мумкин бўлган робот технологиялари тақдим этилиши кутилмоқда.

Жумладан, Американинг Jibo стартапи краудфандинг орқали “ижтимоий робот” лойиҳаси учун 3,7 млн доллар жамлагани катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мазкур лойиҳа раҳбари кўргазмада унинг истиболлари тўғрисида маълумот бериб ўтади.

Шунингдек, кўргазмада аутизм ва бошқа ривожланиш билан боғлиқ касалликлар билан хасталанган болаларга ёрдам беришга мўлжалланган “Бадди” ва “Лека” деб номланган икки француз роботлари намойиш этилади.

Япониянинг Flower Robotics компанияси эса нафақат фойдали, балки эстетик завқ берадиган роботларни тақдим этишга ваъда берган.

International CES 2016 халқаро электроника кўргазмасига оид бошқа энг сўнгги янгилик ва маълумотларни Terabayt.uz сайти орқали кузатиб боринг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!