Бугун нуфузли Apple корпорацияси 41 ёшга тўлди

Бугун нуфузли Apple корпорацияси 41 ёшга тўлди

41 йил аввал, 1976 йилнинг 1 апрел куни коллеждаги ўқишидан ҳайдалган Стив Жобс ҳамда ёш муҳандис Стивен Возняк ва уларнинг ҳамкорлари Роналд Уэйн биргалашиб Apple Computer фирмасини рўйхатдан ўтказишади. Ўша кундан бошлаб компания фақат олға интилиб, муваффақиятлар қозониш баробарида, инновацион технологиялар билан одамлар турмушини енгиллаштириб келмоқда. Apple бугун  жаҳоннинг баҳоси $750 млрд, бўлган энг қиммат компаниясидир.

Компаниянинг илк фаолият йиллари компьютер техникаси билан боғлиқ. У компютерлар инсониятга бугунги илғор ахборот технологиялар даврига етиб келишининг тагзамини бўлиб хизмат қилган. Ўша йили Стив Возняк ва Стив Жобс қаровсиз гаражда 150 дона Apple-моделидаги компьютерни ишлаб чиқарган ва уларнинг ҳар бири ўша вақтда $666.66 доллари баҳосида сотилган.

Ёшгина Apple Computers компанияси ўтган юз йилликнинг 80-йилларига келиб инқироз даврини ҳам бошидан кечиради. Бу иқтисодий зарар 2 млрд АҚШ долларини ташкил қилар эди. Компания асосчиси Стив Жобс ишдан бўшатилади. 1997 йилга қадар компания деярли бирор бир йирик ёки фавқулодда муваффақиятни амалга оширмайди. Шу йили Стив ишга қайтади ва “фарзанди”ни ўз қўлига олади.

2001 йилга қадар ўз ғояларини пишитган Жобс ниҳоят илк iPod плеерини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди. Бир неча йил ўтиб iPod компаниянинг бош даромад манбаига айланди. Стив Жобс раҳбарлиги остида Apple 2006 йилга қадар персонал компьютерлар бозорида ўзининг ўрнига эга бўлди. Mac компютерларининг самарали Intel процессорлари билан таъминланиши, iPhone, iPad ва сўнг Apple Watch тақдимоти Apple’ни жаҳоннинг қудратли компанияларидан бирига айлантира олди. 2011 йилнинг 5 октябр куни дунёдан кўз юмган Стив Жобс бугунги кунгача рақамли технологиянинг “ота”ларидан бири сифатида эътироф этилади.

21 мартда тақдим қилинган 9,7 дюймли iPad, қизил рангли iPhone 7 компаниянинг сўнгги маҳсулотлари сирасига киради. Apple кейинги маҳсулотларини “учар тарелка”ни эслатувчи Apple Park деб номланган штаб квартирасида тақдим қилади. Сан-Францискодаги Санта-Клара водийсида, яъни «Кремний водийси»даги 260 000 квадрат метрли комплекс Стив Жобс ишлаб чиққан Apple Park концепцияси асосида қурилмоқда. Бу ерда 14 200 ходим ишлайди. Штаб квартира қурилиши учун 5 миллиард доллар маблағ сарфланган бўлиб, «космик» кампус ёзда ишга тушади.

Apple’ни яна бир бор таваллуд куни билан табриклаб, Терабайт таҳририяти номидан илғор-инновацион технологияларни ривожлантириш бўйича фаолиятига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!