Букламафонлар бозорида янги "ўйинчи": Google ўзининг илк букламафонини расман тақдим қилинди!

Букламафонлар бозорида янги

Pixel 7а смартфони ва Pixel Tablet планшетини тақдим қилгандан сўнг, Google ўзининг I/О 2023 конференциясини анчадан бери миш-миш қилиб келинаётган Pixel Fold билан якунлади. Компания узунқулоқ хабарларга нуқта қўйди ва ўзининг илк букламафонини расман тақдим қилди.

Pixel Fold букламафонлар бозорига энг сўнгги қўшилган "ўйинчилар"дан бўлиб, ўз номидан маълумки, у китоб стилида букланади, очилиб-ёпилади. Ташқи кўриниш борасида букламафон Pixel смартфонлари дизайнини ўзлаштирган: орқа томонда сиз қурилманинг учлик камералари ва LED чироғини ўз ичига олган узун камера майдонини кўришингиз мумкин.

Металлдан ясалган ушбу камера ороли Pixel смартфонларида бўлганидан фарқли ўлароқ қурилма ён томонларига бирлашиб кетмаган, эҳтимол, букламафон ошиқ-мошиқларига халақит бермаслик учун ажралиб туради. Букламафон ошиқ-мошиқларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, улар 180 градус оралиғидаги турли хил позицияларни қўллаб-қувватлайди, яъни сиз букламафонни 180 градус оралиғидаги исталган бурчакда букланган ҳолда қолдиришингиз мумкин. Ташқи томонда, шунингдек, букламафон оддий смартфон экранига эга ва унинг юқори марказида тешикли тирқишда селфи камера жойлашган.

Букламафон ёпиқ турган ҳолатидаги ўнг томонидан овоз баланд-пастлигини бошқариш тугмалари ва бармоқ изи сканери интеграциялаштирилган Қувват тугмаси ўрин олган. Букламафонни очганингизда эса сиз гўёки кичик планшетга эга бўласиз. Ички катта экран қалинроқ рамка билан ўралган бўлиб, букламафон ўнг қисмининг юқори рамкасида иккинчи селфи камера ўрнатилган.

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, Google Pixel Fold букланганида 139.7×79.5×12.1 мм, букланмаган ҳолатда эса 139.7×158.7×5.8 мм ўлчамда бўлиб, унинг оғирлиги 283 граммни ташкил қилади. Унинг танаси IPХ8 билан сувга чидамли (чангга эмас) деб топилган.

Букламафон ташқи экрани 5.8 дюймли 120 герц янгиланиш тезлигига эга, 1080×2092 пиксел резолюциясидаги OLED дисплей бўлиб, у 1550 нит максимал ёрқинликка чиқа олади. У Corning Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган. Ички экранга ўтадиган бўлсак у 7.6 дюймли 120 герц янгиланиш тезлигига эга, 2208×1840 резолюциядаги OLED дисплей бўлиб, у 1450 нит максимал ёрқинликка чиқа олади ва у Ultra Thin Glass, ҳамда, пластик ҳимоя қатлами билан қопланган.

Камераларга келадиган бўлсак, орқа томонда улар учта: битта 48 MP асосий ва иккита 10.8 MP ултра-кенг ҳамда телефото сенсорлар. Уларга LDAF (лазерни автоматик аниқлаш) сенсори ҳамроҳлик қилади. Селфи камералари иккита: ташқи экранга ўрнатилгани 9.5 MP, ички экрандагиси эса 8 MP. 

Pixel Fold букламафони ҳам Google'нинг Tensor G2 чипсети ва Titan М2 хавфсизлик процессори билан жиҳозланган бўлиб, у 12 GB (LPDDR5) оператив хотирада ва 256 ёки 512 GB (UFS 3.1) доимий хотирада Android 13 билан ишлайди. Унинг 4821 мА/соат батареясини 30 Вт тезликда зарядлаш мумкин. Қолаверса, букламафонда симсиз зарядлаш ҳам қўллаб-қувватланади. 

Алоқа ва уланиш борасида 5G, Wi-Fi 6E, Bluetooth 5.2 ва USB Type-C 3.2 Gen 2 технологияларидан фойдаланилган. Қўшимчасига қурилмада NFC, стерео динамиклар ва уч микрофонлар бор.

Pixel Fold букламафони учун олдиндан буюртма бериш бошланган ва уни етказиб бериш кейинги ойдан бошланади. Унинг нархи 1799 доллар бўлиб, афсуски, у фақат тўртта: АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Японияда сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!