Букланадиган смартфон шу йилдаёқ чиқиши мумкин!

  •   DiMaX
  •  2474
  •  13.02.2017 15:05

Букланадиган смартфон шу йилдаёқ чиқиши мумкин!

Samsung мутахассислари, афтидан, буклаб йиғиб қўйиладиган мобил қурилма устида олиб бораётган махфий ишларини якунлаб қолишган, деб ёзади qwrt.ru сайти.

7 дюймлик бахт

Korea Herald нашри журналистларининг номи сир тутилган манбалардан олган маълумотларига кўра, компания чиндан ҳам 7 дюймлик йиғма смартфон-планшет устида иш олиб бормоқда. Унинг экрани шу даражада бўладики, смартфонни худди бир пайтлари машҳур бўлган «раскладушка» телефонлар сингари буклаб, чўнтакка солиб кетавериш мумкин бўлади.

Буклама смартфон концептини қуйидаги видеода кўриш мумкин.

Корейслар аввалига телефонни худди гиламчадек ўраб қўйиладиган қилиб ишламоқчи эдилар, дейилади хабарда. Аммо кейинчалик бунинг оддий фойдаланувчи учун ўта мураккаб бўлишини ўйлаб, буклама смартфон чиқаришга қўл уришган.

Нима бўлганда ҳам, жорий йилнинг учинчи чорагига бориб Samsung шунақа смартфонлардан 100 000 донасини сотувга қўйиши эҳтимоли юқори.

Нима кераги бор?

Ўринли савол: нима кераги бор ўзи шунақа матоҳ ишлаб чиқаришнинг!? Жавобиям тайёр: сир эмаски, кейинги йилларда смартфонлар бозори сал совигандек бўляпти. Аниқроғи, турфа гаджетлар чиқариляпти, аммо ўртача смартфоннинг ташқи қиёфаси маълум бир шаклга келиб бўлди. Бунақалари ўзаро ўхшашлиги билан зерикарли бўлиб қолди, энди дизайн масаласида қандайдир ўзгача янгилик яратиш керак.

Ривожланган мамлакатлардаги фойдаланувчиларни ҳозирги смартфонлардаги кўп жиҳатлар ҳайратга солмай қўйди. Буни ҳисобга олган ишлаб чиқарувчилар дизайн бўйича турфа янгиликлар яратишга жиддий киришиб кетишган: қисмлари ажралиб-уланадиган модулли смартфон, гардишсиз (рамкасиз) смартфон, букиладиган смартфон…

Янги турдаги мазкур қурилма истеъмолчиларнинг совиган ҳайратларини жонлантириб юбориши кўзда тутилмоқда. Тўғри, Samsung масаланинг моддий жиҳатига ҳам бефарқ эмас – бу маҳсулоти туфайли у молиявий йилни даромад билан якунлашни кўзлаяпти.

«Инқилоб» операцияси

Аслини олганда, инновацион лойиҳалар истеъмолчилар томонидан соҳага катта миқдордаги маблағлар йўналтиришига олиб келади. Масалан, 2007 йилда Стив Жобс илк iPhone’ни кўтариб саҳнага чиққанида дунё бўйлаб юзага келган ҳаяжонларни бир эслаб кўринг-да.

Энди Samsung ҳам шундай инқилобий қадам ташлаб, рақобатчиларидан бир қадам олдинлаб кетишга уринмоқда. Лекин бунақа қадамлар ҳамиша ҳам ўзини оқлайвермайди. Жумладан, LG’нинг модулли смартфони – G5 модели бунга яққол мисолдир.

Бироқ буклама экранли «раскладушка»-смартфон – муҳандислар ва дизайнерлар учун ўта жозибали матоҳ, уни бир марта бўлсаям қўлига олиб ишлатиб кўргиси келади одамнинг. Шунингдек, янгиликка ўч ёшлар, антиқа гаджетларини кўз-кўз қилишни хуш кўрувчи бадавлат кишилар ҳам бунақа қурилмага қизиқишлари табиий. Samsung масаланинг айнан шу жиҳатларини ҳам ҳисобга олгани аниқ.

Майли, омон бўлсак кўрармиз. Ҳар эҳтимолга қарши, биздан узоқлашманг…

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!