Бунақаси бўлмаган: Qualcomm устидан бўлаётган судда Apple жаримага тортилди!

  •   DiMaX
  •  930
  •  26.12.2017 13:40

Бунақаси бўлмаган: Qualcomm устидан бўлаётган судда Apple жаримага тортилди!

АҚШ Федерал савдо комиссияси ҳамда Qualcomm процессорлари ишлаб чиқарувчилари орасида кечаётган суд жараёнида Apple корпорацияси жаримага тортилди. Бу ҳақда, суд иши материалларига асосланган ҳолда 9to5Mac нашри хабар берган.

ЎҚИНГ: Samsung ва Apple’нинг уч йиллик суди якунланди: мағлуб 120 миллион доллар тўлайди

Гап шундаки, Федерал савдо комиссияси (ФСК) процессорлар бозорида монополия ўрнатганликда айблаб Qualcomm’ни судга берган эди. Чиплар ишлаб чиқарувчи компанияга қарши суд ишида ФСКнинг ёрдамчиларидан бири сифатида Apple ҳам иштирок этаётганди. Купертинолик гигант бу ишда Qualcomm’нинг айбини исботлашга ёрдам бериши лозим эди.

Аммо Apple керакли ҳужжатлар тўпламини судга ўз вақтида, яъни аввалдан келишилганидек 15 декабргача етказиб бергани йўқ. Шу боис, купертинолик гигантга кечиктирилган ҳар бир кун учун 25 000 доллар миқдорида жарима белгиланди.

Мазкур хабар сайтда эълон қилинаётган пайтгача ҳам Apple керакли ҳужжатлар тўпламини тақдим этганлиги ҳақида маълумот чиқмаган эди. Калифорния штати судьяси эса, агар бу материаллар 29 декабргача етказилмаса, жарима миқдорини янада оширишга қарор қилган. Купертиноликларнинг таъкидлашларича, тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами жуда катта ва уларни айтилган вақтгача тайёрлаб етказишнинг амалда иложи йўқ. Шу боис Apple жаримани олиб ташлашни талаб этиб қарши даъво қўзғаш ниятида.

Бу ишдан ташқари, Qualcomm компанияси Хитойда iPhone сотилишини тақиқлаш ҳамда бу мамлакатда ишлаб чиқарилишини чеклаш мақсадида Apple устидан судга ариза топширган. Процессор ишлаб чиқарувчи компаниянинг даъвосига кўра, Apple уларнинг уяли алоқа соҳасидаги камида олтита патентидан фойдаланиб келмоқда.

ЎҚИНГ: Qualcomm Хитойда iPhone ишлаб чиқаришга чек қўймоқчи

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.