Business Insider: Starlink'нинг интернети ёмон об-ҳаво шароитида ҳам тезкор интернетни таъминлаб беради

Business Insider: Starlink'нинг интернети ёмон об-ҳаво шароитида ҳам тезкор интернетни таъминлаб беради

Илон Маскнинг Starlink лойиҳаси ҳақида илгари ҳам хабар берган эдик. Маълумот учун, Starlink орбитадан туриб Ерга интернет хизматини узатувчи 900 та сунъий йўлдош тармоғи ҳисобланади.

Business Insider нашри фойдаланувчилар Starlink интернети кучли қор ёғса ҳам, шиддатли шамол эсса ҳам ишлаётганини айтгани ҳақида ёзмоқда.

SpaceX'нинг «Йўқдан кўра яхшироқ бета» синови фойдаланувчилари Starlink терминали экстремал об-ҳаво шароитларида ҳам ишлаши акс этган расм ва видеоларни Reddit тармоғидаги Starlink гуруҳига жойлашди.

Терминал ёки «таёқ устидаги НУЖ» Starlink тўпламининг бир қисмидир. Тўплам таркибига, шунингдек, штатив, 499 долларлик Wi-Fi роутер ва ойлик 99 доллар нархдаги обуна киради.

Оммавий бета тести фойдаланувчиларига 26 октябрда жўнатилган email хабарда компания Starlink'нинг ўртача интернет тезлиги 50—150 Мбит/сек. бўлишини маълум қилганди.

Ўтган ҳафта фойдаланувчилар тармоқда қолдирган хабарларга қараганда, Starlink интернет тезлигига нам ёки шамолли об-ҳаво сезиларли даражада таъсир ўтказмайди.

Тўпламни қабул қилаётиб SpaceX билан имзолаган шартномага кўра, фойдаланувчилар ўз шахсиятини ошкор қилишлари мумкин эмас.

АҚШ шимолида яшовчи фойдаланувчилардан бирининг Business Insider'га маълум қилишича, Starlink интернети тезлиги -11° C ҳароратда ўртача 20 Мбит/сек. га тезлашган. «Бугун эрталабдан бери тезлик 175 Мбит/сек. атрофида бўлди, олдинлари эса 150–160 атрофида эди», дейди фойдаланувчи.

Ноябрь ойида фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ўзидаги интернет тезлиги 150 Мбит/сек. дан юқори бўлганини маълум қилишмоқда.

Тармоқдан юклаш тезлиги борасида ҳозиргача қайд қилинган энг юқори кўрсаткич Сиетл шаҳрида бўлиб, 208.63 Мбит/сек. ни ташкил этмоқда.

Фойдаланувчи, шунингдек, тепловизорда олинган олтита тасвирларни ҳам жойлаган. Расмлардан кўринишича, терминал сатҳи ҳарорати 0° — 4° C даражада атрофида. Бундан тушуниш мумкинки, терминал устига тушган қорни эритиб юборади.

Бошқа бир Reddit фойдаланувчиси томи устига ўрнатилган Starlink терминали атрофидаги ҳароратни ўлчаётгани акс этган видеони тармоққа жойлаган.

Видеода фойдаланувчи қўлидаги термометр ташқаридаги ҳарорат -4° — +4° C (24.5° — 39.3° F) эканини кўрсатиб турибди, бироқ терминал, фойдаланувчи сўзларига кўра, «атрофдаги тўрт дюйм масофада қор бўлмаслиги учун етарлича даражада қизиётган» бўлган.

Фойдаланувчи Business Insider билан интервьюда яна шуни маълум қилганки, унинг уйида кўплаб электрон қурилмалар, жумладан, олтита лептоп, олтита смартфон, учта Xbox, иккита планшет ва битта уй компьютери бор, лекин қор бошланганидан буён тезлик борасида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаган.

Бироқ баъзиларнинг айтишича, терминал устига жуда кўп қор ёғганда интернет тезлиги секинлашмоқда.

Қўшма Штатлар шимолида яшовчи яна бир фойдаланувчи 80 км/соат тезликдаги қор бўрони бошланишидан олдин штативини мустаҳкамлаб қўйганини, ерни бир соат ичида тахминан 7.5 см қалинликдаги қор қоплаганини ва Starlink иловаси алоқа сифати пастлигини кўрсатганини айтди.

Фойдаланувчининг сўзларига кўра, ўша шароитда, аввалига, тармоқдан юклаш тезлиги 20—30 Мбит/сек. га, тармоққа юклаш тезлиги эса 3—4 Мбит/сек. га тушиб қолган.

«Қор кучли ёғиб, терминал устини қоплаб олганда тармоқнинг кечикиши юқорироқ, тезлик эса камроқ бўлди, лекин кўп ўтмай яна тезлик ошди. Ҳозир тармоқдан юклаш тезлиги ўртача 100 [Мбит/сек.], тармоққа юклаш тезлиги эса 15 [Мбит/сек.] атрофида. Чекка жойларда яшайдиган ва олдида бошқа вариант бўлмаганлар учун бу орзу», дейди у.

ЎҚИНГ: Илон Маск хурсанд: Starlink интернети энди ўз кучини кўрсатди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.