Canon 120 млн пикселли камера имкониятларини намойиш қилди

Canon 120 млн пикселли камера имкониятларини намойиш қилди

Сўнгги бир неча йиллардан бери Canon 120 миллион пикселли, яъни 120 мегапикселли камераси устида изланишлар олиб бораётган эди. Ниҳоят, камера тайёр ва тез орада сотувга чиқарилади. Камера жаҳонда ҳали бирор муқобил ёки муносиб рақибга эга эмас. Компания кеча бу камера нималарга қодир эканини намойиш қилди.

Гаджетдаги 120MXS CMOS сенсори 13,280 x 9,184 пиксел сиғими аниқлигидаги суратлар олади. Яъни, бу биз билган Full HD сиғимидан 60 карра сиғимлироқ дегани. Бундай технологик инновация бир неча ўн марта рақамли яқинлаштириш орқали ҳам яхши суратлар олиш имконини беради.

Canon YouTube видео тармоғида 120 мегапикселли матрицада олинган тасвирни эълон қилди. Қуйидаги видеода янги камеранинг имкониятини томоша қилинг:

Матрицанинг ҳажми — 29 га 20 мм; сурат олиш тезлиги — секундига 9,4 та кадр.120MXS датчигининг тасвирни юқори сиғимда муҳрлаши натижасида сурат деталларга бой.

Ҳатто энг зўр DSLR -- профессионал камералар ҳам 120MXS моделининг олдида ип эша олишмайди. Ҳозирча бундай технология смартфонлардаги камералар учун мисоли ширин туш. Мутахассисларнинг фикрича, бундай юқори технология тез орада смартфон саноати томонидан ҳам ўзлаштирилади ва яқин йилларда кучли камерафонлар ишлаб чиқарилади.

Canon вакилларига кўра, бундай кучли камералар суратга олишдан ташқари, хавфсизликни таъминлаш ва кузатув хизматларида фойдаланилиши мумкин.

Экспертларнинг фикрича, камера сотувга чиққани билан унинг баҳоси жуда юқори бўлади. Canon нарх борасида иккиланиб ва аяб ўтирмайди. Мисол учун, компания шу вақтга қадар сотувга чиқарган камералар орасида энг қиммати Diamond Canon IXUS модели бўлган. Унинг нархи 2006 йилларда $32,574.71 бўлган. Тўғри, қимматбаҳо тошлар билан безалгани боис ҳам камера қимматга тушган.

2017 йилнинг энг қиммат фотокамералари орасида ҳам бу бренднинг маҳсулоти бор. Жумладан, Canon 5D Mark IV $3,499.00 доллардан сотилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.