Cелфининг терига салбий таъсири маълум қилинди

Cелфининг терига салбий таъсири маълум қилинди

Селфи – сўнги 5 йилликнинг энг хавфли “вирус”ларидан бири. Ёши, касби, ирқи ва жинсидан қатъий назар, бугун барчага бирдек “юқиб” улгурган касалликнинг янги тури. Ҳа, буни мутахассислар касаллик сифатида баҳолай бошлашди. Ўзининг энг яхши, энг чиройли томонларини кўз-кўз қилишга уриниш, биринчи навбатда, руҳий ҳасталик саналади. Зеро, бу жараёнга муккасидан кетиб, кутилмаган, экстремал ва оргинал селфи тушишга уринган ва хатто ҳалок бўлган одамлар ҳақида ҳам тез-тез эшитиб турибмиз. Шу боис, олимлар тобора кенг тарқалаётган “селфимания”ни ўрганишга киришди.

Лондондаги Linia Skin Clinic шифохонаси шифокорлари ўз тадқиқотларига таяниб, кўп сонли селфи терининг барвақт қаришига олиб келиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳусусида Daily Mail хабар бермоқда.

Селфичи Instagram-блогер

Дерматолог Саймон Зокега 26 ёшли Мехрин Бэиг исмли қиз терисининг ёмонлашаётганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, кейинги пайтларда унинг юзидаги ғовакчалар кенгайиб бораётгани, сепкиллар, пигмент доғлари пайдо бўлгани, кўзларининг ости қорайиб қолгани, тез-тез яллиғланиш кузатилаётганини айтди.

Беморни яхшилаб кўздан кечирган шифокор ҳақиқатдан ҳам унинг терисида жиддий муаммолар юзага келганини тасдиқлади. Маълум бўлишича, қиз машҳур Instagram-блогер ва ҳар куни 50 та селфи қилади. Мутахассис муаммонинг сабабини айнан селфига боғлади.

Нега селфи терига таъсир қилади?

Смартфон ва планшетдан доимий, узоқ вақт мобайнида фаол фойдаланиш оқибатида терининг HEV-нурланиши содир бўлади. Яъни тўқ кўк экрандан чиқаётган нурдан юз терисини анъанавий қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи кремлар тўса олмайди. Чунки уларнинг вазифаси буткул бошқа турдаги нурлар—ультрабинафша (UV) нурларидан ҳимоя қилиш.

Шу боис, аксар ишлаб чиқарувчилар ҳозирда ўз маҳсулотлари(айнан телевизор ва мониторларнинг замонавий моделлари)га ана шундай нурларни камайтириб берувчи технологияларни жорий қилмоқда.

Смартфон ва планшетларнинг салбий таъсирини Нью-Мексико университети мутахассислари ҳам тасдиқлашди. Уларнинг фикрича, кўп сонли селфи расмларига тушиш, нафақат косметик муаммолар, балки бошқа жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.

Гап шундаки, HEV-нурлари юздаги тузларнинг кўпайишига сабаб бўлиб, қариш ва регенерация жараёнини тезлаштиради. Бундан ташқари бундай нурланиш оқибатида ультрабинафша нурларининг салбий таъсири ҳам янада ортади.

Селфини тақиқлаш керакми?

Зокенинг тасдиқлашича, беморининг терисига 3 та омил салбий таъсир кўрсатган: HEV-нурлар, UV-нурланиш ва ифлосланган ҳаво. Маълумки, ҳавонинг ифлосланиши Лондондаги жиддий муаммолар сирасига киради. Юз терисининг яллиғланиши салбий ташқи таъсирлардан сақланиш қобилиятининг сусайишига сабаб бўлиши мумкин.

Дерматологнинг айтишича, терини HEVдан ҳимояловчи инновацион косметик препаратлар мавжуд. Лекин муаммо шундаки, улар ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Шунинг учун бундай воситаларга кафолат бериш мумкин эмас.

Бундан ташқари, Зоке юз ва терининг очиқ қисмига антиоксидант зардоблардан фойдаланиш кераклигини тавсия қилди. Бу терига ижобий таъсир қилади.

Шифокордан керакли маслаҳатларни олган Мехрин Бэиг селфидан ҳозирча воз кеча олмаслигини айтган. Чунки бу унинг иши ва даромад манбаи. “Мендан бундан бошқа вариант йўқ”, деган Мехрин.

Шундай қилиб, селфининг нафақат руҳий, балки терига салбий таъсири ҳам маълум бўлди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!