CES 2018: Sony "ўткир кўз" Xperia'ларни тақдим қилди

CES 2018: Sony

Япониялик Sony компанияси АҚШ да давом этаётган CES 2018 халқаро электроника маҳсулотлари кўргазмаси доирасида янги смартфонларини тақдим қилди. Кутилганидек, улар орасида флагман йўқ.

Компания смартфон моделлари қаторини 3 та янги мобил алоқа воситалари тўлдирди: Xperia XA2, Xperia XA2 Ultra ҳамда Xperia L2.

Смартфонларнинг ташқи кўриниши ишлаб чиқарувчига хос умумий "кайфият"дан фарқ қилмайди — қаршингизда қадимий ва қадрдон «сонистайл» услубидаги тўғри бурчакли моноблокни кўрасиз. Шу билан бирга, уларда қисман дизайнерлик ечимларини ҳам учратиш мумкин. Мисол учун, бош камера модули орқа панелнинг юқори қисмидан, марказроқдан ўрин эгаллаган. Унинг ёнидан фоточақноқ ва қуйисидан бармоқ изи сканери ўрин эгаллаган.

Мазкур дебютантлар орасида энг соддаси Sony Xperia L2 модели бўлиб, у техник жиҳатларига кўра бошланғич даражали смартфон ҳисобланади. 5,5 дюймли Xperia L2 HD‑дисплей, 4 ядроли МТ6737Т процессори, 3 Гб тезкор ҳамда 32 Гб доимий хотирага эга бўлган. Смартфоннинг бош камераси 13 мегапиксел аниқлигида сурат олади. Автопортретлар учун эса 8 мегапикселли сенсор масъул. Янги моделда 3300 мА соат сиғимли аккумулятор, USB Type-C универсал порти, NFC модули мавжуд. Смартфон Android 7. Nougat операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

Sony Xperia XA2 смартфони учун ҳам анъанавий 16:9 стандартидаги дисплей ишлаб чиқарилган. У 5,2 дюймли ва FullHD сиғимли экран, Snapdragon 630 процессори билан таъминланган. Бу смартфоннинг базавий талқини 3 Гб тезкор ҳамда 32 Гб доимий хотира билан таъминланган.

Sony Xperia XA2 девайсининг камера технологияси бир оз илғор: олд камера учун 120 даража бурчак остида сурат олувчи 8 Мп аниқлигидаги камера, шу билан бирга, бош камера учун 23 мегапикселли, f/2.0 апертурали сенсор масъул бўлган. Бош камера гибрид автофокус функциясига эга ва унда 4К видео, секинлаштирилган режимда секундига 120 кадрли видеолар ёзиш мумкин.

Sony Xperia XA2 ҳам 3300 мА соат электр токи сиғимига эга аккумуляторга эга бўлган. Қолаверса, ундаги SmartAmp технологияси товуш ва овоз сифатини ошириш учун хизмат қилади.


Sony Xperia XA2 Ultra бўлса, 6 дюймли, FullHD сиғимли (1920х1080 пикселли) экранга эга бўлган. Гаджетда 4 ГБ тезкор ва 64 Гб доимий хотира ўрнатилган. Ундаги олд камера 16 мегапиксел ҳамда тасвирни оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган. Бош камерага 23 мегапикселли датчик ўрнатилган ҳамда жиҳатлари юқоридаги смартфон билан бир хил.

Sony Xperia XA2 Ultra сиғими 3580 мА соат бўлган, Quick Charge 3.0 технологияси асосида тезкор қувват олувчи аккумулятор билан таъминланган. Xperia XA2 ҳамда Xperia XA2 Ultra қадоқдаёқ энг сўнгги мобил тизим -- Android 8.0 Oreo'да фаолият кўрсатади.

Sony Xperia L2 шу ойнинг охирида, Xperia XA2 ва Xperia XA2 Ultra февралда сотувга чиқарилади. Ишлаб чиқарувчи нарх-навони ҳам ўша вақтда эълон қилиш режасида.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!