CES 2020: Дунёдаги илк ҳақиқий буклама планшетни хитойликлар намойиш этишди

  •   DiMaX
  •  829
  •  07.01.2020 12:02

CES 2020: Дунёдаги илк ҳақиқий буклама планшетни хитойликлар намойиш этишди

Лас-Вегас шаҳрида 7–10 январь кунлари бўлиб ўтаётган Истеъмолчилар электроникаси кўргазмаси (ёки Маиший электроника шоуси – Consumer Electronics Show, CES 2020) очилиши арафасида Lenovo янги маҳсулотини тақдим этди. Бу – қайишқоқ экранга эга жаҳонда биринчи ҳақиқий буклама планшетдир.

ЎҚИНГ: Peakago – атиги 300 долларлик, энг митти ноутбук-планшет! (+видео)

Айтиш керакки, ушбу хитойлик компания ўтган йили прототип босқичидаги Lenovo ThinkPad X1 буклама ноутбукини намойиш этган эди. Кеча тақдим этилган планшет эса шунинг бозорга чиқаришга тайёр бўлган якуний моделидир ва у Lenovo ThinkPad X1 Fold деб номланган.

Планшет бир килограммдан камроқ вазнга эга, Lenovo’нинг таъкидлашича, уни тайёрлашда енгил қотишмалар ҳамда углерод толаси қўлланган. Ёйилган ҳолатида у 13,3 дюймлик сенсорли экрандан фойдаланиш мумкин. OLED матрицали дисплейнинг тасвир аниқлиги 2048х1536 пикселлик. ThinkPad X1 Fold яна иккита мустақил экранли ноутбук режимида, шунингдек, десктоп компьютер режимида ҳам ишлай олади.

ThinkPad X1 Fold букланганида орада сезиларли очиқ жой қолади, аммо конструкциянинг бу камчилигидан ҳам Lenovo самарали фойдаланган. Бу ерга магнит ёрдамида ёпиштирилувчи Mini Fold номли Bluetooth-клавиатурани қўйиш тавсия этилади. У буклама планшетнинг ноутбук ҳамда десктоп компьютер режимларида қўлланади.

ЎҚИНГ: Компьютер тилни одамдан кўра яхшироқ англай бошлади!

Lenovo ушбу қурилмасига Intel Core процессорини ўрнатган, аммо унинг самарадорлиги ҳозирча номаълум. Буклама планшетнинг тезкор хотираси 8 гигабайтлик бўлиб, ички хотира сифатида 1 терабайтгача SSD-диск қўлланади.

Lenovo ThinkPad X1 Fold шу йилнинг иккинчи ярмидан, 2499 доллар нархида савдога қўйилади. Унинг жамланмасига кўтариб қўйилувчи тагликли чарм ғилоф, Mini Fold клавиатураси ҳамда стилус ҳам киради.

Сотувга чиққан пайтида бу планшетга Windows 10 Pro операцион тизими ўрнатилган бўлади. Lenovo кейинчалик уни ҳозирча тақдим этилмаган Windows 10X операцион тизими билан чиқаришни назарда тутмоқда.

ЎҚИНГ: Кокаин можароси: Samsung ва бошқалар атиги 349 долларлик букламафондан нега қўрқяпти?