ChatGPTни муаллиф сифатида кўрсатиб бўлмайди

ChatGPTни муаллиф сифатида кўрсатиб бўлмайди

Илмий мақолалар чоп этувчи, дунёдаги энг йирик нашриётларидан бири ҳисобланган Springer Nation ChatGPTни муаллиф сифатида белгилаш мантиқсизлик эканини билдирди. Бироқ, сунъий интеллектдан мақола ёзиш учун фойдаланишда манбаа кўрсатилса, ҳеч қандай ёмон тарафи йўқ дейди нашриёт.

ChatGPT пайдо бўлгандан бери кўплаб инсонлар ундан фойдаланишни бошлашди. Сунъий идрок маҳсули бўлган ушбу платформадан мақола ёзишда ҳам фойдаланиш кўпайди. Илмий мақола ёзишда манбаа ёки муаллиф аниқ кўрсатилиши керак. ChatGPT эса муаллиф бўла олмайди. Чунки у киритилган мавзуга мувофиқ матнни генерация қилади. Мақола ёзаётганда муаллифлар сунъий интеллектдан матннинг қайси қисмларини ёзишда фойдаланганини аниқ кўрсатишса ҳеч қандай тушунмовчилик бўлмайди.

Биз ўз позициямизни аниқлаштиришга мажбур бўлдик: муаллифларимиз, муҳаррирларимиз ва ўзимиз учун”, — дейди Магдалена Скиппер, Springer Nature'нинг энг муҳим нашри ҳисобланадиган Натуре журнали бош муҳаррири. “Ушбу янги авлод LLM воситалари, шу жумладан ChatGPT пайдо бўлди, улар ҳақли равишда қалам эгаларини ҳаяжонга солди ва улардан кенг фойдаланиш бошланди, лекин сунъий идрокдан ҳозирги пайтда номуносиб фойдаланиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

ChatGPT ва бошқа LLM(Large Language Models - кенг тилли моделлар) аллақачон газеталар, журналлар ва илмий мақолаларда муаллиф сифатида кўрсатила бошланди. Бироқ фойдаланиш билан фойдаланишда фарқ бор. Баъзилар сунъий идрокдан фойдаланганда манбаа сифатида LLMни кўрсатишмоқда, бошқалар эса сунъий идрок ёзган матнга "эга чиқишмоқда".

Асосий муаммо муаллиф ёки манбаа кўрсатилиши ёки кўрсатилмаслигида эмас, сунъий идрок аксар ҳолларда матн ичига номуносиб гапларни ҳам қўшиб кетишида.

Баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича, ChatGPTни муаллиф сифатида ҳисоблаш "бемаънилик" ва "жуда аҳмоқлик"

Чоп этилган кўплаб мақолаларда матн яратиш учун ChatGPT қандай ва қаерда ишлатилганлиги ҳақида қўшимча маълумотлар йўқ. Бироқ, тадқиқотни молиялаштирган компаниянинг бош директори, бот соғлиқни сақлаш стартапига катта ҳисса қўшганини таъкидлади. Ansible Health бош директори Жек По Futurism нашрига берган интервюсида: "Биз ChatGPTни муаллиф сифатида рўйхатга олишимизга сабаб, сунъий идрокка тўлиқ таянганимиз эмас, балки бот мақоланинг мазмунига интеллектуал ҳисса қўшганига ишонганимиз учун эди" дейди.

Илмий ҳамжамиятнинг ChatGPT муаллиф сифатида кўрсатилган мақолаларга муносабати асосан салбий бўлди, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сунъий идрок ёрдамида тиббий-илмий мақолалар иши бўйича қарорни "бемаънилик", "аҳмоқона" ва "ақлсизлик" деб аташди.

Дунё нашриётлари сунъий идрокка муаллиф сифатида қаралиши устида қизғин баҳс қилишяпди. "Биз фақат мақолага муаллиф ким эканлиги ҳақида эмас, унинг мазмунига боқишимиз керак", "Сунъий идрок сиз учун илмий мақола ёзиб бериши мумкин, бироқ мақола учун жавобгарликни ўз бўйнига олмайди".

Сунъий идрок қилган иши учун ҳеч кимга ҳисобот бермайди. У ёзган матн учун жавобгарлик ҳиссини туймайди. Мантиқан олиб қаралса, LLM сунъий идрок технологиялари ҳам жамиятга ёки нашриётга мақоланинг мазмунини тушунтириб бера олмайди. Бу эса мақола ичидаги нотўғри талқин ёки хато учун сунъий идрок масъул бўла олмаслигини англатади.

ChatGPT платформаси ҳозирча Ўзбекистон ҳудудида қўллаб-қувватланмаяпди.

Ҳозирги вазиятда сунъий интеллект ёзган матн LLM қай даражада юксак ақлга эга бўлмасин, барибир хатолардан ҳоли эмас. Сунъий идрок базасига агар ёқимсиз иборалар ёки ирқчилик, сўкиниш ва уяциз гаплар киритилган бўлса, у ёзган матн ёқимсиз гаплардан ҳоли бўлиши эҳтимоли паст.

Шу туфайли бир қатор ташкилотлар, жумладан мактаблар, олийгоҳлар ва бошқа ўқув марказлари ChatGPTдан фойдаланишга чекловлар ўрнатди. Бироқ кўплаб ташкилотлар ChatGPTдан матн таҳрирлашда фойдаланишга рухсат берган. Springer Nature расмийлари буни шундай изоҳлайди: "Ёзиш билан таҳрирлашда фарқ бор. Ижод мобайнида сунъий интеллект чегара билмайди, таҳрирда эса у тилнинг грамматик қолиплари асосида матнни яхшилайди. Биз илмий мақолада шаффофлик ва аниқлик бўлиши тарафдоримиз. Илм-фаннинг шундай бўлгани маъқул. Муаллиф сунъий идрокдан фойдаланиши мумкин, бироқ матннинг қайси қисмлари сунъий идрок маҳсули эканини очиқлаши шарт".

Шунингдек, сунъий интеллект она тили инглиз тили бўлмаганлар учун жуда ҳам қўл келади. Улар бу орқали инглиз тилидаги ёзиш маҳоратларини оширишлари мумкин бўлади.

Интернет фойдаланувчилари ChatGPT ва шунга ўхшаш LLM сунъий идрок воситаларига чеклов ўрнатиш самарасиз эканини таъкидлашмоқда. "Бугунги кунда қайсидир дастурий таъминотга чеклов қўйиш фойда бермайди. Турли xил йўллар орқали чекловни айланиб ўтиш имконлари барибир бўлади. Биз ҳамжамият сифатида ижобий фойдаланиш ва потенциалга эътибор қаратишимиз, кейин эса мумкин бўлган нотўғри фойдаланишни тартибга солиш ва чеклашимиз керак".

Муаллиф: Ҳидоятхон Атабаев

ЎҚИНГ: Apple iOS 16.3 талқинини тақдим этди