«Чегарасиз мухбирлар» Facebook’ни судга берди

«Чегарасиз мухбирлар» Facebook’ни судга берди

«Чегарасиз мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти Facebook устидан ижтимоий тармоқни «чалғитувчи тижорат амалиёти»дан фойдаланишда айблаб судга шикоят киритди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди, дея ёзмоқда Daryo нашри.

ЎҚИНГ: Садир Жапаровнинг Facebook-саҳифасини бузишди

Ташкилот вакилларининг аризада таъкидлашича, ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларига «хавфсиз, ишончли ва хатолардан ҳоли» онлайн муҳит ваъда қилган, лекин бунинг ўрнига Facebook’да ксенофобик ва сохта постлар кенг тарқалмоқда.

Facebook’нинг Франция ва Ирландия филиаллари суд даъвосида айбланувчилар рўйхатига киритилган. Ташкилот Франция судининг Facebook масаласидаги қарори «глобал таъсирга» эга бўлишини кутмоқда, чунки ижтимоий тармоқ бутун дунё бўйлаб ягона хизмат кўрсатиш шартларига эга.

Франция қонунларига кўра, чалғитувчи тижорат амалиётларини қўллаш ушбу мамлакатдаги компания йиллик савдо ҳажмининг 10 фоизгача жарима билан жазоланади.

Шунингдек, 22 март куни Facebook нотўғри ахборот тарқатилишига қарши кураш бўйича маълумотларни эълон қилинди. Компаниянинг ҳар куни бир неча миллион сохта аккаунтларни ўчириб ташлаётганини маълум қилди. 2020 йил октябрь ойидан декабрь ойигача бўлган даврда 1,3 миллиарддан ортиқ шундай аккаунт ўчирилди, сўнгги уч йил ичида эса 100 дан ортиқ тармоқлар «мувофиқлаштирилган нотўғри хатти-ҳаракатлар» учун деактивация қилинди.

Facebook расмийларининг таъкидлашича, компания доимий равишда нотўғри, сохта маълумотлар ва аккаунтларни кузатиб борувчи ишчилар сонини кўпайтириб боради, айни пайтда сунъий интеллект ёрдамида 35 минг нафар ходим бу масала билан шуғулланади.

ЎҚИНГ: Facebook энди газеталарга пул тўлайди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.