Чексиз реакциялар, эможи статуслар ва бошқалар

Чексиз реакциялар, эможи статуслар ва бошқалар

Telegram мессенжер иловалари учун навбатдаги янгиланиш чиқарилди ва у бир қанча яхшиланиш ва янгиланишларни ўз ичига олади.

Чексиз реакциялар

Эндиликда барча фойдаланувчилар, аввал премиум бўлган стандарт реакциялардан бепул фойдаланишлари мумкин. Ушбу янгиланиш билан реакциялар панели қайта дизайнланган ва уни кенгайтирса бўлади. Бунда тез-тез фойдаланиладиган реакциялар юқорида пайдо бўлади.

Telegram пуллик обунаси эгалари эса энди исталган махсус эможилар билан реакция билдиришлари мумкин. Бу эса уларга чексиз реакциялар танловини беради. Қолаверса, премиум фойдаланувчилар битта хабарга 3 тагача реакция билдиришлари ҳам мумкин.

Махсус эможилар билан реакция билдириш ҳозирча фақат бирга-бир чатларда ва гуруҳларда мавжуд, каналларда эмас. Гуруҳ админлари ўз гуруҳларида махсус реакциялардан фойдаланишга рухсат беришлари ёки тақиқлашлари мумкин.

Эможи статуслар

Премиум фойдаланувчилар учун янги функция: энди сиз профилингиздаги премиумлик нишони (юлдузча) ўрнига қандай ҳолатда эканингиз ёки нима билан шуғулланаётганингизни билдириш учун исталган анимацияланган эможини статус сифатида қўйишингиз мумкин.

Бунда сиз рангги турли Telegram мавзуларига қараб ўзгарадиган 7 хил стандарт статуслардан ёки исталган махсус эможилардан бирини танласангиз бўлади. Эможини устига босиб туриш билан уларни фақат маълум вақт учун ўрнатиш ҳам мумкин.

Аккаунтга электрон почта орқали кириш

Энди Telegram аккаунтга киришда логин-кодларни электрон почта орқали қабул қилиш мумкин. Шунингдек, аккаунтга Apple ёки Google орқали кириш имкони ҳам яратилган.

iOS қурилмаларида Telegram'га кириш ёки унда рўйхатдан ўтиш янги интерфейс ва анимациялар билан янада замонавийлаштирилган.

Android иловаларда юкланмаларга устуворлик бериш

Яқинда Telegram'га юклаб олинаётган медиа ёки файлларни алоҳида бўлимда кўриш имкони яратилган эди.

Эндиликда сиз юкланмаларни босиб туриш орқали уларнинг устуворлигини ўзгартришингиз ва керакли нарсани биринчи бўлиб, тезроқ юклаб олиш мумкин. Ушбу хусусият аллақачон iOS иловаларида мавжуд.

Android иловаларида кичик дизайн яхшиланишлари

Android учун Telegram иловасига фото ёки видеоларни очиш-ёпишда янгича равон анимациясини кўриш мумкин. 

Қолаверса, Android 13 ёки ундан юқори версия эгалари мавзу асосий ранггига автоматик мослаша оладиган Telegram иконкасини ҳам танлашлари мумкин.

Шунингдек, Павел Дуров яқинда маълум қилганидек, энди юзернеймлар янгича ҳаволага ҳам эга. Энди сиз нафақат t.me/username линкидан, балки username.t.me кўринишдаги линкдан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Янгиланишни Android учун Google Play Store, iOS учун AppStore иловалар дўкони орқали қабул қилиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Nothing янги маҳсулот тақдим қилишга тайёргарлик кўрмоқда

 
 
 
 
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.