Чилида улкан телескоплар обсерваторияси очилади

Чилида улкан телескоплар обсерваторияси очилади

Чилининг Атакама чўлида кўплаб улкан телескопларни ўз ичига оладиган обсерватория бунёд этиляпти. “ALMA” (Atacama Large Millimeter/submillimeter Array) деб номланган ушбу лойиҳани Европа жанубий обсерваторияси ҳамда Америка Қўшма Штатлари миллий радиоастрономик обсерваторияси олимлари япониялик ва чилилик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Лойиҳа учун тахминан 1 ярим миллиард доллар миқдорида инвестиция киритиш мўлжалланяпти. Бунёд этилаётган телескоплар тизими воситасида Ой юзасидаги катталиги 10 сантиметрлик нарсани ҳам кўриш мумкин бўлади. Бунда нафақат телескопларнинг катталиги ва аниқ кўрсатиши, балки улар ёрдамида олинадиган маълумотларни умумлаштириш ҳам муҳим ҳисобланади.

Астрономларнинг сўзларига кўра, катталигини сайёрамиз билан таққосласа бўладиган жуда улкан виртуал телескопни яратиш имконияти юзага келган. Унинг ёрдамида кенг миқёсли астрономик ва астрофизик кузатувлар олиб борилади.

Лойиҳага мувофиқ мажмуа ҳар бирининг диаметри 7 ва 12 метрга тенг 66та радиотелескопдан иборат бўлади. Улар ягона тизимга бирлаштирилади. Станциядаги барча антенналар ишини ҳар сонияда 17 квадриллион операцияни бажариш қувватига эга бўлган суперкомпьютер мувофиқлаштириб туради.