«Чириган олма»: Apple’га қарши Fortnite турнирида совринлар ютиб олинг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  660
  •  22.08.2020 10:59

«Чириган олма»: Apple’га қарши Fortnite турнирида совринлар ютиб олинг! (+видео)

Apple корпорациясининг иловалар дўконидаги 30 фоизлик комиссияга қарши курашга кўплаб компаниялар қўшилгани ҳақида кеча ёзган эдик. Бу машмашалар Fortnite ўйинининг комиссияларни четлаб ўтишга урингани учун App Store’дан чиқарилиб юборилишидан бошланган эди.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Apple ва Google’ни жиддий айблаб, уларнинг гегемонлигини тўхтатиш йўлини кўрсатди

Epic Games компанияси Apple’га қарши курашни Fortnite ўйинининг ўзида ҳам давом эттиришга қарор қилди. Яъни, якшанба – 23 август куни у мазкур ўйинда #FreeFortnite номли онлайн мусобақа ўтказяпти.

Мазкур турнирда истаган Fortnite ишқибози иштирок этиши мумкин – улар қимматбаҳо совринлар учун ва севимли ўйиннинг iOS ва Mac платформаларига қайтиши учун курашадилар.

#FreeFortnite турнирида якка ўйинчи форматидаги 12 та матч давомида имкон қадар кўп очко тўплаш керак бўлади. Бунда лоақал 10 балл тўплай олган геймерларга ўйинда адоват олмаси экипировкаси тақдим этилади. Энг юқори натижалар кўрсатган 20 минг нафар ўйинчига эса шунақа провокацион дизайнли кепкалар жўнатишмоқчи.

Булардан ташқари, Epic Games мусобақа давомида энг кўп «олма еган» ўйинчиларга жами 1200 та ўйин қурилмалари совға қилмоқчи. Улар орасида Alienware, Samsung, OnePlus, Sony, Microsoft ва Nintendo компанияларининг консол ва смартфонлари мавжуд бўлиб, бирортаям Apple маҳсулоти йўқ.

ЎҚИНГ: Fortnite, Minecraft, PUBG, Dota 2 ва бошқа ўйинлар бир соатда қанча мегабайтингизни «еб қўяди»?

Epic Games мусобақа ташкил этишдан ташқари, Apple’га қарши реклама ролиги ҳам тайёрлаган. Бу лавҳа айнан купертиноликларнинг «1984» номли энг машҳур рекламасига ўхшатма тарзида ишланган:

Шу билан бирга, Fortnite ижодкорлари iOS ҳамда Mac тизимли қурилмалар фойдаланувчиларига бошқа платформаларга ўтиш вақти келганини эслатишмоқда. Зеро, бу ўйин аллақачон App Store’дан олиб ташланганлиги боис, 27 августдан бошланувчи иккинчи бўлимнинг тўртинчи мавсумига «тишланган олмали» гаджетлар эгалари ўта олмайдилар.

#FreeFortnite турнирида қатнашиш шартлари, ундаги совринлар ва бошқа маълумотлар билан (рус тилида) батафсил танишиш учун мана бу ҳавола орқали Epic Games сайтидаги махсус саҳифага ўтинг.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп ўйин Google Play’га ҳам чиқди – энди бемалол олиб ўйнанг! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!