Chrome – энг «очофат» браузер, лекин сиз унинг «нафсини жиловлай» оласиз!

  •   DiMaX
  •  3752
  •  14.04.2020 17:20

Chrome – энг «очофат» браузер, лекин сиз унинг «нафсини жиловлай» оласиз!

Google компаниясининг Chrome иловаси – энг оммабоп, лекин тизим ресурсларини, тезкор хотирани ва процессор кучини энг кўп талаб этувчи браузер. Сабаби – унда очилган ҳар бир варақа (вкладка) алоҳида жараён бўлиб, компьютерга (айниқса нисбатан эски ва ҳамёнбоп қурилмаларга) катта юклама солади.

ЎҚИНГ: Қайси браузерлар катта «оперативка» талаб этмайди?

Лекин бу дастурнинг компьютерни «оғирлаштириб» ташлашида унга қўшимча ўрнатилган кенгайтмалар (расширения) сабаб бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, Chrome кенгайтмалари тезкор хотирадан гигабайтлаб ой эгаллаши ва процессорнинг кучини харжлаши мумкин. Шу боисдан уларнинг ортиқча, шубҳалиларини ўчириб туриш керак.

Бунинг учун Chrome дастурини очиб, Shift+Esc тугмачалар бирикмасини босасиз – шунда Windows’нинг эмас, балки браузернинг «Вазифалар диспетчери» – «Диспетчер задач» чиқади. Унда айнан қайси варақалар ва кенгайтмалар компьютерга оғирлик солиб тургани яққол акс этади.

Шу ердан қараб, энг «очофат» кенгайтма ҳамда варақаларни кўздан кечирасиз. Орасида шубҳалилари ё сизга ҳозир кераксизлари бўлса – уни ўчириб қўясиз.

ЎҚИНГ: Google Chrome’да жонга тегувчи билдиришномаларни буткул ўчириб қўямиз

Энди эса браузер томонидан ресурслар сарфланишини камайтиришнинг самарали усулига ўтамиз. Унинг манзил қаторига chrome://flags деб ёзасиз (ёки шу ердан нусхалаб олиб ташлайсиз) ва Enter’ни босасиз. Шунда Chrome экспериментал функциялари саҳифаси очилади. Бу ердан Heavy Ad Intervention бандини топиб, унинг ҳолатини Enabled қилиб қўясиз ва Chrome’ни бир ўчириб-ёқасиз.

Google ушбу опцияни очилиши оғир бўлган рекламаларни блоклаш учун махсус ишлаб чиққан. Мазкур функция қайси рекламанинг очилиши компьютерга, хусусан, тезкор хотирага катта юклама солишини аниқлаб, уни блоклаб қўяди. Натижаси эса сизга кўп томонлама фойда – компьютер ресурсларидан ташқари вақтингиз ва асабингиз, яна трафигингиз ҳам тежалади.

Heavy Ad Intervention тажрибавий функцияси браузернинг сўнгги – Chrome 80.0 талқинида жорий этилган. Агар сиздаги экспериментал функциялар саҳифасида у кўринмаса, браузерингизни янгилаб олиб, ўша саҳифага қайтадан кириб кўринг.

ЎҚИНГ: Интернетдаги кузатувчилардан ҳимоя қилувчи энг ишончли браузер қайси?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!