Click билан «қилиқ қилган» шовотлик «шоввоз» қўлга тушди

  •   DiMaX
  •  1633
  •  24.01.2020 16:09

Click билан «қилиқ қилган» шовотлик «шоввоз» қўлга тушди

Банк пластик карточкаларининг нақд пул ишлатишдан кўра афзал жиҳатлари кўп, лекин ноқулай томонлари ҳам йўқ эмас. Шулардан бири – ҳисобдаги пулларнинг хакерлар, фирибгарлар ёки ўғрилар томонидан ноқонуний тарзда қўлга киритилишидир.

ЎҚИНГ: Жиддий жиноят: Пластик картангиздаги пулни банкдагилар ҳам ўғирлаши мумкин!

Хоразмда 40 ёшли Каримбой И. ҳам ана шундай ноқонуний ишга қўл урганлардан биридир, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти. У ўзининг номига расмийлаштирилган +9989*-***-**-** рақамли SIM-картанинг ТИФ «Миллий банк» Шовот филиалида фуқаро 23 ёшли Г.Я.нинг номига расмийлаштирилган пластик карточкасига «Банк СМС» тизими орқали уланганлигини била туриб, ушбу пластик карточкадан Click дастури орқали 2019 йил 15 август кунидан 31 август кунига қадар 1.136.000 сўм ва 2 октябрь куни 1.114.000 сўм пулларни яширин равишда қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шовот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Каримбой И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Каримбой И. томонидан Г.Я.га етказилган моддий зарар тўлиқ ундирилган. Каримбой И.га ушбу модда билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан «шахсий кафиллик» эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йилнинг 27 ноябрь куни жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Гурлан туман судининг 2020 йил 8 январдаги ҳукми билан Каримбой И. ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, унга бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

ЎҚИНГ: Пластик карточка йўқолса нима қилиш кераклигини биласизми?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!