CLICK савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари учун виртуал терминал таклиф этмоқда

  •   DiMaX
  •  1497
  •  03.03.2017 15:40

CLICK савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари учун виртуал терминал таклиф этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига кўра, жорий йилнинг 1 март санасидан тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Бироқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида банкдан терминал олиш бўйича айрим муаммолар, кечикишлар юзага келиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, CLICK компанияси барча тадбиркор ва савдо нуқталарининг эгаларига пластик карталардан тўловларни қабул қилувчи виртуал терминалларни улатишни таклиф қилмоқда.

CLICK компанияси тақдим қилаётган Indoor-тўловлар ечими исталган савдо дўкони ва хизмат кўрсатиш нуқтасида қисқа вақт ичида жорий қилиниши мумкин. Бу усул банкдан реал савдо терминалини олмасдан туриб мижозларнинг пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш имконини очиб беради.

Ушбу ечим ёрдамида ҳар бир чакана савдо нуқтаси учун оддий терминалларнинг тўлов функционалидан қолишмайдиган, аксинча – бир қатор афзалликларга эга виртуал терминал очилади. Шундай савдо нуқталарнинг мижозлари тўловларни бевосита ўз мобил телефонлари орқали амалга оширишлари мумкин, бунда маблағлар шу заҳоти сотувчига SMS билан бирга келиб тушади. Бунда тўловни амалга оширишда интернетга уланиш талаб қилинмайди ва тўловлар электр энергияси бўлмаган пайтда ҳам бажарилиши мумкин.

Мижозлар ва сотувчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида операцияларни турли услубларда бажариш имкониятлари яратилган: USSD-меню орқали, қисқа USSD-сўров ёрдамида (*880*сотувчининг_коди*сумма#), мобил илова орқали ва шу билан бирга кассир ёки сотувчи томонидан ҳисоб чиқариш услубида. Тўловларни янада тезкор тарзда амалга ошириш учун ҳар бир савдо дўконига QR-коди тақдим қилинмоқда. Ушбу QR-код смартфон орқали муносиб иловалардан бири ёки янгиланаётган ва яқин вақт ичида тақдим қилинадиган CLICK мобил иловаси орқали ўқилиши мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган Indoor-тўловлар имкониятини улатиш учун тадбиркорлар ўзларининг хизмат банкларига ёки CLICK тизими билан ҳамкорлик қилаётган исталган банкка мурожаат қилишлари зарур. Банкда рўйхатдан ўтаётганда тадбиркорларга ва савдо дўконларининг эгаларига тўловларни қабул қилиш учун уникал код белгиланиб, QR-код тақдим этилади.

«Indoor-тўловлар Ўзбекистонимиз учун янги бир йўналиш ва бизнинг таклифимиз бир қатор афзалликларни олиб келмоқда: анъанавий тўловларга қараганда ушбу тўловлар анча тезроқ ўтади, карталарининг PIN-кодларини бировларга эълон қилишнинг кераги қолмайди, ва, шу билан бирга, пластик карта ёнингизда бўлмаган тақдирда ҳам харидларингиз учун тўловларни амалга оширишга имконияти очилмоқда», – деб таъкидлади CLICK компаниясининг Бош директори Улуғбек Рустамов.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!