CLICK тизимининг хавфсизлиги халқаро даражада тан олинди

CLICK тизимининг хавфсизлиги халқаро даражада тан олинди

Электрон тўловларни амалга оширишга мўлжалланган CLICK хизмати халқаро даражадаги PCI DSS сертификатини олди. Бу тўғрида компаниянинг пресс-релизида маълум қилинмоқда. Унда ёзилишича, компания Ўзбекистон Республикасидаги мобил ва интернет-банкинг соҳасидаги тижорат ташкилотларидан биринчи бўлиб ушбу сертификатга эга бўлган.

Payment Card Industry Data Security Standard сертификати онлайн ва электрон тўлов хизматларини кўрсатувчи компанияларда маълумотлар хавфсизлигининг юқори даражада таъминланганлигини, тизим фойдаланувчилари тўғрисидаги ахборотларни ҳимоя қилишда барча зарур технологик шароитлар яратилганини кафолатлайди.

2004 йилдан амалда бўлган PCI DSS стандарти Карта тўловлари саноатининг хавфсизлиги бўйича Кенгаш, Visa ҳамда MasterCard халқаро тўлов тизимлари томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Унга кўра, хизмат кўрсатувчиларнинг мижозлар маълумотларини қайта ишлаш, ахборот тизимлари инфратузилмаси каби жами 12 та йўналишдаги фаолиятига хос деталлари яқиндан ўрганилади.

CLICK тизимининг ушбу стандарт талабларига мувофиқлик сертификатини қўлга киритиши компания мижозларининг хавфсизлик масалалари ва фойдаланувчиларининг конфиденциал маълумотларини ҳимоялашнинг илғор усулларини ва замонавий ечимларини қўллашини кўрсатади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!