Cookies-файллар нима, уларни нега ва қандай қилиб ўчириш керак?

  •   DiMaX
  •  5327
  •  08.01.2020 14:09

Cookies-файллар нима, уларни нега ва қандай қилиб ўчириш керак?

Сиз ўз қурилмангиз орқали исталган сайтга кирганингизда, сизнинг компьютерингиз, ноутбукингиз, планшетингиз ёки смартфонингизга унинг веб-серверидаги маълумотлар юклаб олинади. Шулар «куки» (ёки cookies) деб аталади ва бу сўзнинг айнан таржимаси «печенье» деганидир.

ЎҚИНГ: Рақамли бармоқ изи ва уни яшириш

«Куки»лар фойдаланувчининг ўша сайт билан боғлиқ созламалари ва унинг қайси саҳифаларига кўпроқ кириши ҳақидаги маълумотларни, авторизация ва бошқа статистик ахборотларни ўзида сақлайди. Масалан, сервер сизни айнан cookies-файллар сабабли эслаб қолади ва кейинги гал кирганингизда логин-пароль сўраб ўтирмайди. Дейлик, ҳаттоки интернет-дўконда аккаунтингиз бўлмаса-да, унда саватчага солиб қўйган товарларингиз кейинги кирганингизда йўқолиб қолмаганини кўрасиз.

Бироқ cookies-файллар фойдаланувчи учун айрим хавфлар ҳам туғдириши мумкин. Агар сиз кўпчилик фойдаланадиган, бегона компьютерда сайтга кирган бўлсангиз, кейинчалик айнан «куки»лар сабабли бошқалар сизнинг аккаунтингизга киришлари эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳамиша бегона қурилмалар орқали интернетга кирганда инкогнито режимида кириш, сайтда авторизациядан ўтаётганда «Эслаб қолиш» бандини ўчириш талаб этилади.

Англаганингиздек, cookies-файллар сизнинг сайтдан фойдаланишингизни қулайлаштиради, аммо махфийлик борасида таваккалга йўл очади. Шунингдек, хотираси бирмунча кичик бўлган қурилмаларда улар йиғилиб қолиб, кўпроқ жойни банд этиши мумкин. Шу боисдан ора-орада «куки»ларни ўчириб туриш тавсия этилади. Булардан ташқари, бирор сайт тўғри ишламаётган ҳолларда ҳам эски cookies-файлларни ўчириш ва браузернинг кешини тозалаш фойда беради – кейин ўша сайт сизни гўёки биринчи марта кираётгандек қабул қилади ва «куки»ларни бошқатдан юклайди, натижада сайт тўғри акс этади.

ЎҚИНГ: Google тизимида сақланиб қолган шахсий маълумотларни қандай ўчириш мумкин?

Бунда машҳур CCleaner утилитасидан фойдалансангиз ҳам, cookies-файлларни ўзингиз мустақил ўчирсангиз ҳам бўлади. Биринчи усул осонроқ: CCleaner иловасини расмий сайтидан юклаб олиб ўрнатасиз ва ишга туширасиз, чап устундаги «Стандартная очистка» бўлимини очасиз. Ўчириш керак бўлган бандлар орасида фақат «cookies»ни белгилайсиз, шунда қолган маълумотларингиз ўчиб кетмайди. Кейин «Очистка»ни босасиз ва жараён тугалланишини кутасиз – бўлди.

Cookies-файлларни мустақил ўчириш ҳам унча қийин эмас – браузернинг тарихига кириб, уни тозалайсиз, бунда айнан «куки»лар бандини белгилаш шарт, қолганлари эса ихтиёрий.

Google Chrome браузерида буни амалга ошириш учун манзил қаторига chrome://settings/clearBrowserData деб ёзасиз (ёки шу ердан нусхалаб ташлайсиз) ва «Enter»ни босасиз. Opera иловасида эса маълумотларни тозалаш созламалари opera://settings/clearBrowserData манзилида жойлашган.

Шунингдек, барча браузерлар учун умумий бўлган Ctrl + Shift + Del тугмачалар комбинацияси ҳам маълумотларни тозалаш ойнасини чақиради:

Демак, хавфсизлик учун вақти-вақти билан cookies-файлларни ўчириб туриш зарар қилмайди.

ЎҚИНГ: Google таъқибидан қандай қутулиш мумкин?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!