Corning ўта даражада пишиқ “Gorilla Glass 5”ни намойиш қилди

Corning ўта даражада пишиқ “Gorilla Glass 5”ни намойиш қилди

Смартфон экранининг тирналиши, кутилмаган қулашдан сўнг унинг шикастланиши билан боғлиқ муаммолар ўтмишда қолганга ўхшайди. Кўплаб смартфон, ноутбук ишлаб чиқарувчилари, жумладан  iPhone қурилмалари учун шиша ҳимоя қатламини тайёрлаб берувчи Corning компанияси намойиш қилган “Gorilla Glass 5” шишаси имкониятига баҳо бериб шундай хулосага келиш мумкин.

Corning ўтказган тадқиқотга кўра, смартфон фойдаланувчиларининг 85 фоизи ҳеч бўлмаса бир марта, 50 фоизидан ортиғи 2-3 маротаба гаджетни қўлидан тушириб юборган экан. Уларнинг 3 дан бири мобиль телефонни бели ёки елкаси баландлигидаги масофадан тушириб юборади. Бу эса нозик экран шишасига жиддий зарар етказади.

Энди смартфон экрани фойдаланувчининг қўлидан  селфи баландлигида, яъни 1.6 метр юқориликдан тушиб кетган тақдирда ҳам, 80 фоиз ҳолатда шикаст кўрмайди. Бу натижа Corning томонидан ўтказилган синов жараёнида қайд этилган.

Corning

Gorilla Glass’нинг Samsung Galaxy S7 ва S7 edge, HTC 10 смартфонлари ва HP Spectre ноутбукида фойдаланилган сўнгги, яъни 4-талқини 2014 йилда кашф қилинган эди.

Ҳимоя шишасининг янги талқини 0.6 мм қалинликда бўлиб, шу йил якунидан бошлаб янги смартфонларда татбиқ этила бошлайди. Демак, iPhone 7 ёки Samsung Glaxy Note 7 пишиқ шиша қатламига эга бўлса ажаб эмас.

Corning компанияси вакилининг маълум қилишича, 2007 йилдан бошлаб жаҳон миқёсида етказиб берилган 4,5 миллиард дона қурилма уларда ишлаб чиқарилган ҳимоя шишаси билан таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, Американинг Corning Inc. компаниясига 1851 йилда асос солинган бўлиб, у айни кунда шиша ва чинни маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи саналади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!