Дактилоскопик сенсорли экранга эга энг арзон смартфон – OPPO K1 тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1023
  •  11.10.2018 11:24

Дактилоскопик сенсорли экранга эга энг арзон смартфон – OPPO K1 тақдим этилди!

Смартфоннинг бармоқ изи сканерини бевосита дисплейнинг ўзига интеграция қилишни хитойликлар, аниқроғи – Vivo компанияси бошлаб берганди. Шундан сўнг бу технологияни кўплаб смартфонсозлар ўзларининг флагманларига татбиқ эта бошлашган, кейинчалик эса ўрта нархли моделларга ҳам жорий этилиши кўзда тутилган.

ЎҚИНГ: Samsung’нинг ўрта нархли смартфонларида ҳам сканерли экран бўлади

OPPO компанияси эса бармоқ изи сканери экраннинг ўзига жойланган ўрта нарх тоифасига мансуб янги смартфонини аллақачон расман тақдим қилди. OPPO K1 деб номланган мазкур гаджет ушбу технологияга эга энг арзон телефон эканлиги билан ҳам аҳамиятли.

OPPO K1 бундан бошқа ҳам қизиқ жиҳатлари билан мақтана олади. Жумладан, унга такомиллаштирилган селфи-камера ва саккиз ядроли процессор ўрнатилган.

Янги қурилманинг «электрон юраги» – максимал 2,2 ГГц такт частотасида ишловчи саккизта ядрога эга Qualcomm Snapdragon 660 процессоридир. Смартфон модификациясига боғлиқ ҳолда 4 ёки 6 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Доимий хотираси эса 64 дан то 256 гигабайтгача бўлган талқинларда чиқади, яна унга microSD форматли хотира картаси ҳам жойлаш мумкин.

OPPO K1 моделининг диагоналига 6,4 дюймлик Super AMOLED-дисплейи томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатда. Тасвир аниқлиги 2340x1080 пикселли бўлган ушбу экран юқори қисми ўртасида олд камера учун томчисимон «кемтик»ка эга. Дактилоскопик сканери эса дисплейнинг пастки қисмида жойлашган.

ЎҚИНГ: OPPO тайёрлаган – дисплейдаги дактилоскопик датчик дунёда тенгсиз!

Корпуснинг орқа қопқоғи 3D-шишадан ишланган. У ерда горизонтал жойлаштирилган қўшалоқ камеранинг асосий модули 16 мегапикселли, ёрдамчи объективи эса 2 мегапикселли. OPPO бу моделида селфи ишқибозларини ҳам хурсанд қилишни кўзлаган – унинг олд камераси 25 мегапикселли.

OPPO K1 девайси ColorOS 5.2 график қобиғи остидаги Android 8.1 Oreo операцион тизими билан ишлайди. Батареясининг ток сиғими 3600 мА/соатни ташкил этади.

Мазкур смартфон қизил ва кўк корпусларда ишлаб чиқарилиб, Хитой ҳудудида 20 октябрдан сотувга чиқади. Унинг бошланғич – 4/64 гигабайтлик хотирага эга талқини 231 доллар, энг юқори модификацияси эса 259 доллардан сотилади.

ЎҚИНГ: OPPO R17 Pro тақдим этилди: уч модулли камера, ўта тез қувватланувчи иккита аккумулятор ва датчикли экран!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!