Дастурчилар учун Android 11 тақдим этилди – янги имкониятлар билан танишамиз!

  •   DiMaX
  •  1919
  •  21.02.2020 15:43

Дастурчилар учун Android 11 тақдим этилди – янги имкониятлар билан танишамиз!

Google компанияси синовчи-дастурчиларга мўлжалланган Android 11 Developer Preview 1 апдейтини чиқарди. Уни ҳозирда фақат иккинчи, учинчи ва тўртинчи авлод Google Pixel смартфонларида, шунингдек Android Studio эмуляторида синаб кўриш мумкин.

ЎҚИНГ: Аллақачон Android 11’да ишлаётган смартфонни илк бор «жонли» кўрамиз!

Android 11 (ёки Android R) талқинида пайдо бўладиган янги функцияларнинг айни дамгача маълум бўлган рўйхати қуйидагича:

  1. Янги турлардаги, масалан – олд камера учун кемтикли ва тирқишли экранларни қўллаб-қувватлайди. Аммо букилувчан дисплейларни қўллаб-қувватлаш функцияси ҳозирча йўқ.
  2. 5G тармоқлари билан ишлаш учун янги API’ларни қўллаб-қувватлаш яхшиланган.
  3. Сарфланадиган трафик захирасидан, унниг чексиз ёки нархланувчи эканидан келиб чиқиб, трафик сарфини назорат қилувчи технологиялар жорий этилган.
  4. Билдиришномалар «парда»си – «шторка»да чатларни кўрсатиш яхшиланган. Жумладан, шу ернинг ўзиданоқ расмларни кўриш ва юбориш имкони мавжуд.
  5. Сунъий идрок тизимларининг бевосита смартфоннинг ўзида ишлаши учун Neural Networks API 1.3 қўллаб-қувватлови қўшилган.
  6. Тизимда ҳимоя мустаҳкамланган, жумладан – локацияга, микрофон ва камерага рухсат сўрайдиган иловалар учун бир марталик рухсат жорий этилган. Узоқ кутилган Scoped Storage функцияси қўшилган; шунинг эвазига иловалар энди ўзига тегишли бўлмаган жилдларга ва тизим файлларига кира олмайди.
  7. Биометрия билан ишлаш ишлари яхшиланган, файлларнинг ва шахсий маълумотларнинг муҳофазаси кучайтирилган.

Android 11 Developer Preview 1 янгиланиши яқин орада бошқа смартфонсозларнинг турли моделлари учун ҳам тарқатилса ажабмас. Google одатда ўз мобил операцион тизимининг «дастурчилар учун» бир нечта синов талқинини чиқариб, ёзнинг охирида ёки кузда йирик апдейтнинг расмий релизини ўтказади.

ЎҚИНГ: Android-қурилмалар эгаларига хушхабар бор!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.