Дастурчиларга ярашмаган иш: спамбозлик билан шуғулланманг!

Дастурчиларга ярашмаган иш: спамбозлик билан шуғулланманг!

Бундан 4-5 йиллар аввал "Ёшлар" телеканалида ишлаб юрган пайтларимда ТАТУдаги дастурчиларнинг янгиликлари, ғоялари, ишланмалари ҳақида туркум лавҳалар тайёрлаганман. Ўшанда талабалар ва уларнинг раҳбарлари янги лойиҳалар иқтисодий кўмакка мухтож экани ҳақида куюниб гапиришарди. Чунки аксарият лойиҳалари "эплама" эди. Яъни бечора талабалар еб-ичаридан тежаб йиққан пулларига оддий ва арзон деталлар сотиб олиб, лойиҳанинг амалий моделларини кўрсатишарди. Ўшанда кўп яхши инновацион янгиликларни кўргандим...

Лекин бугун ўша даргоҳнинг бир-иккита “туғдор” (байроқ кўтариб, “ватанпарварлик” даъвосини қилувчи) толиби илмларнинг Тролл.уз ва Умид Ғафуровга нисбатан уюштирган спамбозлик кампанияси ҳақида эшитиб, ачиндим. Мен гаплашган яхши дастурчи йигитлар битириб кетган кўринади...

Ўзи шундоғам кампаниявозлар етарли бўлган пайтда мутахассисликлари камёб университет ёшлари ана шундай ғариб ҳаракатлар билан банд экан-да, а?! Ўзи ёшлар ташкилотлари аъзоларига теккан “касалликлар”нинг симптомлари бир хил бўлади шекилли: ёқмаган фикрга нисбатан тоқатсизлик, спамбозлик, ёлланма профиллар орқали оммавий комментбўрон қилиш ва ҳаказо...

Хўп, Умид Ғафуров ва бошқалар университетларни танқид қилаётган экан, наҳотки, аслида бу куюниш сен ва сендан кейинги талабаларнинг фойдаси учун эканига муборак фаҳминг етмаса?!

Юзга теккан қорани кўрсатгани учун кўзгуни синдириб, муаммодан ҳалос бўлинадими шунда?! Ана шунақа тушуниш керакми?! Ғалати-да!

Умид қиламанки, университет бу “ташаббус”га нисбатан тегишли чора кўради. Йўқса, уларга нисбатан бўлаётган танқидларнинг сони ҳам, тури ҳам болалаши аниқ!

Толиби илмлар эса бемаза ташаббусларга вақт сарфламай Fortran, Tandem TAL, C/C++, C#, Obj-C, Java, Smalltalk, Python, Go деган мен тушунмайдиган дастурлаш илмларини яхшилаб ўзлаштиради. Унутмасинларки, янги инновацион ғоялар, оригинал ишланмалар, кашфиётлар орқалигина танқид нуктадонларининг оғизларини ёпиш мумкин. Алмисоқдан қолган, маънан эскирган (шу жумлани севаман 😍) услублар иш бермайди, азизларим!

Аралашмоқчи эмасдиму, азбаройи аввалги ҳамкорликлар ҳурмати пикри ожизимни билдиргим келди. Бу модерн авлод вакиллари сленгида ИМХО дейилади! 😉

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!