Давлат хизматлари портали такомиллашиб, 2-версияда ишга тушди

Давлат хизматлари портали такомиллашиб, 2-версияда ишга тушди

2013 йилнинг 1 июлидан фаолият кўрсатиб келаётган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бугунга келиб 308 турдаги электрон давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, унга 2440 та давлат органлари ва уларнинг тизим ташкилотлари уланган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 1,13 миллиондан ортиқ (ўсиш 2,3 баробар) электрон шаклда давлат хизматлари кўрсатилган, уларнинг 488 мингтаси (43 фоизи) аҳолига ва 642 мингтаси (57 фоизи) тадбиркорларга тўғри келади. Порталдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат идораларига йўллаган мурожаатлари сони 2017 йилнинг 8 февраль ҳолатида 1 миллиондан ошган эди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан, Ягона портал янгича талқинда ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилди. Маълум бўлишича, янги тизим LG CNS Uzbekistan компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Унинг асосий фарқи – хизматдан фойдаланиш жараёнининг соддалашгани: яъни энди давлат хизматидан фойдаланиш истагидаги фуқаро узоғи билан 3 ёки 5 та клик (тугмани босиш) орқали хизматдан фойдаланади.

Фойдаланувчининг шахсий кабинети ҳам тубдан ўзгартирилган. Энди фуқаролар ўз шахсий кабинетларига ўзларига керакли хизматларни киритиб қўя оладилар. Айтайлик, Солиқ тизимининг хизматларидан кўп фойдалансангиз – керакли тугмани босасиз ва у сизнинг шахсий кабинетингизга ўтади. Бу билан фойдаланувчи ўзига қулай интерфейс яратади ҳамда керакли хизматни қидириш учун кетадиган вақтини тежаб қолади.

Бу имкониятни яратиш учун – ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари Ягона портал-2 билан ўзаро ягона платформага марказлаштирилган.

Ягона портал-2 учун замонавий фойдаланувчи интерфейси ишлаб чиқилган. Унинг тизими жисмоний ва юридик шахсларнинг маълумотлар базаси, коммунал хизматларни кўрсатувчи субъектлар ва тўлов тизимлари билан уланган. Тизимда онлайн хизматлар жорий қилинган. Ягона порталнинг янги версиясида юридик ва жисмоний шахсларга онлайн тўловларни ҳам амалга оширишимкони яратилган. Мисол учун, давлат хизматлари ва божлари учун тўловларни онлайн амалга ошириш мумкин.

Ягона порталнинг янги версиясида рўйхатдан ўтказиш жараёни такомиллашиб, жараён паспорт тизимига уланган ҳолда тўлиқ автоматлаштирилган. Рўйхатдан ўтиш учун паспорт рақами ва жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами – паспортнинг биринчи бетидаги расм тагидаги рақамларни киритган ҳолда тизимга кириш имконияти яратилиши маълум қилинган.

Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда видеофиксация тизими орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун мавжуд жарима ҳақидаги онлайн-огоҳлантиришлар бепул хизмати йўлга қўйилган.

 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.