Детектив сериалдан «илҳомланган» қотил смартфон ёрдамида фош этилди

  •   DiMaX
  •  740
  •  18.07.2018 14:52

Детектив сериалдан «илҳомланган» қотил смартфон ёрдамида фош этилди

Замонавий гаджетлар ўзларининг асосий вазифаларини адо этишдан ташқари, бошқа жиҳатлардан ҳам инсониятга фойда келтирадиган ҳолатлар учраб туради. Масалан, кишиларни ўлимдан сақлаб қолади, бирор муаммо бўйича вазиятга ойдинлик киритади...

ЎҚИНГ: Бу смартфон Manchester Arena’даги портлашда аёлни ўлимдан сақлаб қолди

АҚШнинг Флорида штатидаги Палм-Бич-Гарденс шаҳридаги сирли қотилликнинг фош этилиши ҳам шунақа қизиқ воқеалардан бири бўлди. Ярим йилча аввал у ерда 71 ёшли Алан Абрамсон исмли чолнинг кўкрагидан ўқ еган жасади топилган эди. Қариянинг ўлиги ўз уйи яқинидан топилган, унинг қўл соати ечиб олинган ва ҳамёни бўм-бўш эди. Шундан келиб чиқиб, полиция буни талончилик пайтидаги қотиллик, дея баҳолаганди.

Бир неча ой мобайнида қотилни топиш учун қилинган ишлар беҳуда кетди – на жиноят қуроли, на бирор гумондорнинг бармоқ изи ва на бир из йўқ эди. Шунда полициячилар Абрамсоннинг смартфонини текшириб кўришди ва унда амалга оширилган ишларни ўрганиб, қотилни аниқлашди.

ЎҚИНГ: Трамп болаларни ким қотилга айлантираётганини айтди

Маълум бўлишича, қотилликдан салгина аввал Алан Абрамсон метеорологик шар ҳамда гелий сотиб олган экан. У шарни газ билан тўлдирган, тўппончани унга боғлаган ва ўз кўкрагига ўқ узган. Табиийки, қўйиб юборилган шар жиноят қуролини узоқларга учириб кетган.

Эътиборли томони шундаки, худкушликка қўл уришдан аввал қария Google орқали қидирув бериб, суғурта бадалларининг вариантларини излаб кўриб, ўрганиб чиққан. Агарда қотиллик жинояти талончилик билан бирга амалга оширилган бўлса, марҳумнинг яқинларига кўпроқ миқдорда суғурта пули олишлари мумкинлигини аниқлаган.

Хабарга кўра, ўз-ўзини ўлдиришнинг бундай усули 2003 йили «C.S.I.: Жиноят жойи» сериалида кўрсатилган экан. Афтидан, Абрамсон буни эслаб қолган ва ўзининг режасини обдон пишитган. Агарда у худкушлик олдидан ўз смартфонини блоклаб қўйганида, балки, бу жиноят очилмасдан қолиши ҳам мумкин эди.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!